Покистонда маҳаллий ҳокимият аҳолини аномал иссиқдан огоҳлантирди. 23 июнь жума куни мамлакатнинг баъзи ҳудудларида ҳарорат 50 даражадан ошиб кетди.
Табиий офатларни бошқариш миллий агентлиги матбуот котиби Идрис Мақсуд одамларни уйда қолишга ва имкон қадар жазирама қуёшдан сақланишга чақирди. Кеча энг иссиқ об-ҳаво Наукунди шаҳрида қайд этилди — 50 даража иссиқ. Синоптикларнинг фикрича, кучли жазирама яна бир неча кун давом этади.
“Кун давомида кўчалар ва бозорлар бутунлай бўм-бўш”, “Биз ёнаётган ўчоқ ичида юрганга ўхшаймиз”, — дея маҳаллий аҳолининг сўзларини келтирган ОАВ.
Пойтахт Исломободда шаҳар энергетика идораси кондиционерларга бўлган талаб ортиши сабабли электр таъминотидаги узилишлар кучайганини маълум қилди.
Ёзда Покистоннинг кўплаб провинцияларида ҳароратнинг юқори бўлиши одатий ҳол. Бироқ бир неча йилдирки, аномал иссиқ мамлакатни қамраб олмоқда. Мутахассисларнинг фикрича, бунга иқлим ўзгариши сабаб бўлган.
Изоҳ (0)