Хитой раҳбари Си Цзиньпин Пекинда Фаластин президенти Маҳмуд Аббос билан учрашувда Фаластин муаммосини ҳал қилиш бўйича учта таклифни илгари сурди. Бу ҳақда Хитой марказий телевидениеси хабар берди.
“Биринчидан, Фаластин масаласининг асосий ечими 1967 йилги чегаралар асосида тўлиқ суверенитетга эга, пойтахти Шарқий Қуддус бўлган мустақил Фаластин давлатини барпо этишдир.
Иккинчидан, Фаластин иқтисодининг эҳтиёжлари ва халқнинг турмуш тарзи қондирилишини таъминлаш, халқаро ҳамжамият Фаластинга тараққиёт ва гуманитар мақсадларда ёрдамни ошириши керак. Учинчидан, тинчлик музокараларида тўғри йўналишда ҳаракат қилиш керак”, — деди Хитой раҳбари.
Си Цзиньпинга кўра, муқаддас заминга нисбатан “тарихий статус-квога ҳурмат кўрсатиш”, “радикал ва провокацион сўз ҳамда ишлардан воз кечиш” зарур.
Бундан ташқари, Хитой раҳбари “каттароқ, нуфузли халқаро тинчлик конференцияси”ни чақиришга кўмаклашиш зарурлигини айтди.
“Тинчлик музокараларини қайта бошлаш учун шарт-шароит яратиш ва Фаластин ҳамда Исроилнинг тинч-тотув яшашига кўмаклашиш учун ҳақиқий саъй-ҳаракатларни амалга ошириш керак”, — деди Си Цзиньпин.
У Хитой тинчлик музокараларини ривожлантиришда ижобий рол ўйнашга тайёр эканини билдирди.
Изоҳ (0)