Саноат шаҳри бўлган Олмалиқда ҳам халқимизнинг севимли байрами Наврўзи олам кенг нишонланди. Жумладан, Олмалиқ кон-металлургия комбинатида байрам айём тадбирлари ўзгача руҳда ўтказилди.
Kombiнат таркибий бўлинмаларида бўлиб ўтган байрам тадбирларида баҳорий миллий таомлар танловлари, қизиқарли спорт мусобақалари ташкил этилди.
Шунингдек, Олмалиқ кон-металлургия комбинати ҳамда Олмалиқ шаҳар ҳокимлиги ҳамкорлигида ўтказилган Наврўз байрами халқ сайлига айланиб кетди.
Тадбир аввалида сўз олган Олмалиқ кон-металлургия комбинати бошқаруви раиси, сенатор Абдулла Хурсанов ҳамда Олмалиқ шаҳар ҳокими Қобил Ҳамдамов барчани Наврўз умумхалқ байрами билан қутлаб, самимий тилакларини билдиришди.
“Ҳар кунинг Наврўз бўлсин, жонажон Ўзбекистоним” шиори остида ўтказилган байрам тадбирида “Металлург” маданият саройи атрофи ва “Ёшлар боғи” ҳудудида комбинат таркибий бўлинмалари томонидан Ўзбекистон Республикаси вилоятларининг миллий қадриятлари ва урф-одатларини акс эттирган кўргазмалар намойиш этилди.
Шунингдек, байрам тадбирида шаҳар таълим муассасалари томонидан ташкил этилган бадиий ижодий намуналарни акс эттирувчи кўргазмаларини ҳам алоҳида таъкидлаш жоиз.
“Ёшлар боғи”да арқон тортиш, тош кўтариш, узунликка сакраш, бокс, кураш, шахмат, шашка, стол тенниси каби спорт турлари бўйича спорт мусобақалари олмалиқликларда катта таассурот қолдирди. Айниқса, қарабтеп(ланка), чиллик каби халқ ўйинларининг ташкил этилиши болажонларга олам олам завқ бағишлади.
Айниқса, “Ёшлар боғи”да ташкил этилган миллий таомларни тайёрлаш бўйича танловлар барчага ҳақиқий байрамона кайфият улашди.
“Металлург” маданият саройи бадиий жамоаларининг концерт дастури ҳамда Ўзбекистон Республикаси ва Қорақалпоғистон Республикаси халқ артисти Женисбек Пиёзовнинг хонишлари барчага манзур бўлди.
Тадбир давомида вилоятларнинг миллий урф-одатларини акс эттирувчи кўргазмалар ҳамда миллий таомлар танловининг ғолиблари аниқланиб, қимматбаҳо совғалари туҳфа этилди.
Реклама ҳуқуқи асосида.
Изоҳ (0)