Наманганда мижозларнинг пластик карталаридан 440 миллион сўм ечиб олган банк ходими қўлга олинди. Бу ҳақда “Дарё” мухбири Азизбек Абдувалиев хабар бермоқда.
Чуст тумани “Кўктош” маҳалласида яшовчи аёл туман ички ишлар идорасига мурожаат қилиб, банк пластик картасидан 9 миллион 785 минг сўм номаълум шахс томонидан ечиб олинганини билдирган ва пулларини топишда амалий ёрдам беришни сўраган.
Наманган вилоят ИИБ Киберхавфсизлик бўлими ва Чуст туман ИИБ ходимлари томонидан олиб борилган суриштирув ишлари давомида ушбу жиноятни Янгиқўрғон туманидаги банк филиалининг бош менежери лавозимида ишловчи шахс содир этганлиги аниқланди. У рухсатсиз компьютер тизимига кириб, мазкур банкнинг Чуст филиали ходимидан мижозларнинг пуллари сақланадиган паролларни билиб олган. Шундан сўнг мижозларнинг пластик карта кабинетларига кириб, 22 нафар фуқаронинг жами 440 миллион сўмини ечиб олиб, ўз эҳтиёжи учун ишлатиб юборган.
Ҳозирда мазкур шахс ушланган ва ундан айбини тасдиқловчи далилий ашёлар, жумладан, мобил телефон ва банк транзакциялари олинган. Банк ходимига нисбатан жиноят иши қўзғатилган.
Изоҳ (0)