Хитой пойтахти Пекинда 1 майдан бошлаб дронлар савдоси тақиқланади. Эндиликда қурилмаларни бошқариш учун махсус рухсатномалар талаб қилинади. Янги қоидаларга кўра, дронлар ва уларнинг асосий қисмларини сотиш, ижарага бериш ёки шаҳарга олиб кириш ман этилади. Бу ҳақда BBC хабар берди.
Маълум қилинишича, дрон эгалари ўз қурилмаларини полиция рўйхатидан ўтказиши шарт. Хитой ҳукумати сўнгги йилларда жамоат хавфсизлигини рўкач қилиб, дронлар бўйича қоидаларни босқичма-босқич қатъийлаштирмоқда. Пекиндаги янги чекловлар доирасида қуйидаги тартиблар ўрнатилади:
- дронларни шаҳарга олиб кириш ёки олиб чиқишдан олдин рўйхатдан ўтказиш лозим;
- агар қурилма таъмирлаш учун шаҳардан ташқарига юборилса, уни курер орқали қабул қилиб бўлмайди, қурилма эгаси бориб, шахсан ўзи олиб келиши керак;
- дронни учириш учун олдиндан рухсат олиш шарт бўлади;
- фойдаланувчилар онлайн тренингдан ўтиб, қоидалар бўйича имтиҳон топшириши зарур.
Истисно ҳолатлар
Тақиқ барча ҳолатларда ҳам амал қилмайди. Масалан, терроризмга қарши кураш ва табиий офат оқибатларини юмшатиш каби мақсадларда расмийларнинг рухсати билан дронларни сотиб олиш ва сақлаш мумкин.
Пекиндаги дрон чекловлари март ойида тасдиқланганди. Ўшанда шаҳар маъмурияти бу чораларни ҳаво ҳудуди хавфсизлигидаги таҳдидларга қарши кураш деб изоҳлаган. 2025 йилда Пекиннинг бутун ҳаво ҳудуди дронлар учун ёпиқ зона деб эълон қилинган.
Дронлар ва учар таксилар Хитой учун стратегик устувор йўналиш ҳисобланади. Ушбу йўналиш иқтисодиётга 2035 йилга бориб 2 триллион юан (290 миллиард доллар)дан ортиқ даромад келтириши кутилмоқда. Хитойнинг кўплаб шаҳарларида дронлардан озиқ-овқат етказиб бериш, қишлоқ хўжалиги ва биноларни тозалашда фойдаланиш одатий ҳолга айланган.
Хитой компаниялари, жумладан, дунёдаги энг йирик ишлаб чиқарувчи DJI, жаҳон бозорида етакчи ҳисобланади. Ҳукумат маълумотларига кўра, Хитойда 3 миллиондан ортиқ рўйхатга олинган дронлар мавжуд. Янги қоидалар бу улкан бозорга жиддий таъсир қилиши кутилмоқда. DJI дўконлари аллақачон дронлар ва уларга тегишли маҳсулотларни пештахталардан олиб ташламоқда.
Ўзбекистонга Хитойдан 100 та дрон олиб келинди
Ўзбекистонга март ойида Хитойда ишлаб чиқарилган 100 та агродрон олиб келинган. Улар Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ташаббуси ҳамда Жаҳон банки кўмагида олиб келинган бўлиб, 50 таси экин майдонларини масофадан мониторинг қилиш, яна 50 таси эса, ўғитлаш, зараркунандаларга қарши ишлов бериш ва агротехник тадбирларни бажариш учун мўлжалланган.
Лойиҳа доирасида хитойлик мутахассислар томонидан маҳаллий кадрлар ҳам тайёрланмоқда. “Ўздаверлойиҳа” ДИЛИ ва унинг ҳудудий бўлинмаларининг 30 нафар мутахассиси дронларни бошқариш ва техник хизмат кўрсатиш бўйича ўқитилмоқда, келгусида эса 100 нафар малакали оператор тайёрлаш режалаштирилган.