Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи ишчиси устига бензин сепиб, ўзини ёқиб юборгани айтилмоқда. Бу ҳақда «Дарё»га завод ишчилари маълум қилди.
Айтилишича, воқеа кеча, 2 август куни тушдан сўнг рўй берган.
«Санобар опа аслида Тошлоқ туманидаги Яккатут қишлоғида яшайди. Унинг тўрт нафар қизи бор. Эри ишсиз. Оилада ягона боқувчи бўлгани учун ишдан бўшатилгани унга қаттиқ таъсир қилган. Воқеа содир бўлган куни унинг заводга кириб чиқишига рухсат берувчи рухсатномаси ҳам олиб қўйилган экан. У эса рухсатномасини қайтариб беришларини сўраган. Воқеалар руҳиятига ёмон таъсир қилган, шекилли, устига бензин сепиб ёқиб юборган», — дейди «Дарё» билан мулоқот қилган завод ишчиси.
Қўшимча қилинишича, аёл ёна бошлагач, уни ўчиришга ҳаракат бўлмаган.
«Сабаби заводнинг кириш жойида ўт ўчириш ускунаси ҳам бўлмаган. Ҳеч ким ёрдам беролмаган. Ўчиролмаган. Санобар опани 75 фоиз куйган дейишяпти», — дейди ахборот берувчилар.
Завод ишчиларининг айтишича, ўзига бензин сепиб ёқиб юборган аёл вилоят шифохонасига ётқизилган. «Опанинг айни пайтдаги аҳволи бизга номаълум. Кимдир аҳволи оғир, деяпти», — дейди завод ишчилари.
Воқеа ҳақида ҳозирча расмий маълумот берилмаган.
Изоҳ (0)