Бугун,

  • USD 11095.31
  • RUB 173.84
  • EUR 10772.44

Ижтимоий тармоқларда Андижон шаҳри ҳокими Баҳром Ҳайдаров қабулига борган ОАВ вакиллари ва ҳокимни ҳимоя қилишга уринган аёл воқеаси акс этган видео тарқалди. Тан олиш керак, видео кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлди. Кимдир ҳокимнинг ОАВ вакилларига шахсан пешвоз чиқолмаслигини қоралаган бўлса, яна кимдир аёлнинг қилмиши нотўғри эканини ёзди.

Баҳром Ҳайдаров, Андижон шаҳри ҳокими

Баҳром Ҳайдаров, Андижон шаҳри ҳокими
Фото: «Дарё»

«Дарё» мухбири мазкур воқеа сабаб вилоятда фаолият юритувчи журналист ва блогерларга юзланиб, ҳудудда Андижон шаҳри ҳокимидек ОАВ вакилларига шахсан пешвоз чиқишдан қўрқадиган ва ОАВ вакиллари билан мулоқот қилишдан чўчимайдиган ҳокимлар ҳақида сўради.

Гулзира Рустамова.

Гулзира Рустамова.
Фото: «Дарё» / Фазлиддин Муқаддасов

«Севимли» канали «Замон» информацион дастурининг Андижон вилояти бўйича мухбири Гулзира Рустамованинг айтишича, у муаммоларни ўрганиш давомида масъуллар, шахсан ҳокимлар билан мулоқот қилишда анча қийналади.

«Журналист сифатида иш бошлаганимга қисқа вақт бўлди. Мурожаатларни ўрганишда, албатта, ҳоким ва ҳокимлик вакиллари билан мулоқот қилишимизга тўғри келади. Тўғрисини айтсам, фаолиятим давомида ҳокимлик вакилларидан интервью олиш анча муаммо эканини тушуниб етганман. Ҳаттоки, масъуллардан изоҳ сўраб, гап талашиб қолган ҳолатларимиз ҳам бўлган. Албатта, шу ўринда тазйиқлар, турли гап сўзлар ҳам бўлиб турган. Ҳар нарсанинг оғир ва енгил томони бўлгани каби журналистикада ҳам бу ҳолатлар бўлади ва булар соҳанинг оғир томони деб билганман», — дейди Гулзира Рустамова.

Отабек Расулов.

Отабек Расулов.
Фото: Хўжаобод тумани ҳокимлиги

Гулзира Рустамова ҳокимлар орасида Хўжаобод тумани ҳокими — Отабек Расулов билан мулоқот қилиш қийинлигини, ҳоким ОАВ вакилларига шахсан пешвоз чиқолмаслигини айтмоқда.

«Деҳқоннинг ер билан боғлиқ муаммосини ўргангач, туман ҳокимидан изоҳ олиш учун уни кечгача кутишга мажбур бўлганмиз. Ҳокимни кечки соат 22:00 га қадар кутган бўлсак-да, саволларимизга жавоб олиш имкони бўлмаган. Ҳокимнинг шахсан ўзи биз билан мулоқотдан қочган. Ҳокимият вакиллари эса ‘ўрганамиз’, ‘ҳал қилиб берамиз’, дейишдан нарига ўтмаган», — дейди журналист.

Ҳикматилла Латипов. (чапдан биринчи)

Ҳикматилла Латипов. (чапдан биринчи)
Фото: Жалақудуқ тумани ҳокимлиги

Гулзира Рустамова Жалақудуқ тумани ҳокими Ҳикматилла Латипов ҳам ОАВдан қочувчи ҳоким эканини айтмоқда.

«Бир мурожаат юзасидан Жалақудуқ туманига бордик. Иш давомида туман маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими вакили ёнимга келиб, аҳоли нима мақсадда мурожаат қилгани-ю, менинг мақсадим ва нима хоҳлаётганим билан қизиқди. Айтишича, уни ҳоким юборган экан. Кейинчалик ҳокимлик вакиллари мурожаатчиларга ҳам босим ўтказиб, ‘туман ҳокими муаммоларингизни ҳал қилиб бермайди, боиси сизлар телевидениега мурожаат қилгансиз. Муаммонгизни улар ҳал қилиб беришсин’, дейишган экан», — дейди ТВ журналисти.

Шуҳрат Абдураҳмонов ва Серобиддин Исмоилов.

Шуҳрат Абдураҳмонов ва Серобиддин Исмоилов.
Фото: Избоскан туман ҳокимлиги

ТВ журналистининг қўшимча қилишича, Избоскан туман ҳокими Серобиддин Исмоилов ҳам ОАВ вакиллари билан мулоқотда жуда эҳтиёткор.

«Избоскан ҳокими билан суҳбат қурганимизда у овозини ёзиб олмаслигимиз кераклигини таъкидлаган. Жуда эҳтиёткор инсон экан. Шунингдек, у ОАВ вакилларидан очиқчасига қочган. Ундан интервью олишда жуда қийналганман. Марҳамат тумани ҳокими Бобур Йўлдошев ҳам ОАВ вакилларидан қочадиган ҳокимлар сирасига киради. Икки-уч кун Марҳамат тумани ҳокимлигида бўлиб, нафақат ҳокимни, ҳатто масъулларни ҳам тополмаганмиз. Ахири ҳокимлик биносини тасвирга олиб қайтаётганимизда ҳоким ўринбосари ёнимизга келиб, жуда қўпол муносабатда бўлган. Шаҳрихон тумани ҳокими Ҳикматилла Дадахонов эса камерадан қочмаган, саволларимизга дадил-дадил жавоб берган. Аммо ҳаммаси якунланганидан сўнг, мурожаатчига тазйиқ ўтказиб, агар лавҳа эфирга кетса ишини ҳал қилиб бермаслигини айтган. Тадбиркор эса ҳокимдан қўрқиб, лавҳани эфирга бермаслигимизни сўраган», — дейди Гулзира Рустамова.

ТВ журналисти фаолияти давомида ҳокимлар номидан пул таклиф қилиш, босим ўтказиш ёки кимларнидир ўртага қўшиб, қўнғироқ қилиш ҳолатлари кўп учрашини айтмоқда.

Шуҳрат Абдураҳмонов.

Шуҳрат Абдураҳмонов.
Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

«Фаолиятим давомида шаҳар ва туман ҳокимлари томонидан матбуот анжуманлари ўтказиш, журналистларнинг саволларига очиқ-ойдин жавоб бериш ҳолатларини учратмаганман. Тан олиш керак, вилоят ҳокими бу борада анча фаол. У ҳар қандай ҳолатда ҳам интервью беришдан қочмайди. Бироқ унинг атрофидагилар турли баҳоналар қилиб журналистларнинг вилоят ҳокими билан юзма-юз келишига тўсқинлик қилиб келишади», — дейди Гулзира Рустамова.

Элмурод Эрматов.

Элмурод Эрматов.
Фото: «Дарё» / Фазлиддин Муқаддасов

«Kun.uz» интернет нашрининг Фарғона водийси бўйича махсус мухбири Элмурод Эрматов Андижондаги барча ҳокимлар ОАВ вакиллари учун очиқ эканини айтмоқда.

Жасурбек Абдураимов.

Жасурбек Абдураимов.
Фото: Балиқчи тумани ҳокимлиги

«Ҳокимларнинг ОАВ вакилларига қанчалик очиқлиги ҳақидаги савол журналистларни доимо қизиқтириб келган. Мен «Kun.uz» сайтининг водий бўйича мухбири сифатида ҳеч иккиланмасдан айтаманки, Андижон ҳокимлари журналистлардан қочмайдиган ҳокимлар ҳисобланди. Масалан, Балиқчи тумани ҳокими Жасурбек Абдураимов ОАВ учун ҳар доим очиқ ва мулоқотга тайёр. Қачон борсак ўзи кутиб олади ва биз билан бирга муаммони ҳал қилишга уринади. Жараёнлар давомида ҳолатдан хабардор бўлиб туради. Танқидни ҳам кўтара олади. Лекин танқидни кўтаролмайдиган ҳокимлар ҳам бор. Мисол учун, Улуғнор туман ҳокими Исломиддин ака. Яқинда Улуғнор туманида фермерларнинг кластерлар билан шартнома тузишида туман ҳокимининг халал бераётгани ҳақида журналистик суриштирув ўтказдим. Бу мавзудаги мақола сайтимизда намойиш қилинганидан сўнг фермерлар ҳоким олдига боргани, аммо туман ҳокими «Сизлардан аразладим, мени бутун республикага шарманда қилдинглар», деб уларни қабул қилмаганини эшитдим», — дейди Элмурод Эрматов.

Элёр Набижонов

Элёр Набижонов
Фото: Қўрғонтепа тумани ҳокимлиги

Элмурод Эрматовнинг айтишича, Қўрғонтепа туман ҳокими Элёр Набижонов билан тўғридан-тўғри алоқага чиқиш ва кўришиш муаммо эмас. Хонобод шаҳри ҳокими Машъалбек Тожибоев ва Избоскан тумани ҳокими Серобиддин Исмоиловлар ҳам ОАВ вакиллари излаган пайтда кўриниш беради», — дейди Элмурод Эрматов.

Машъалбек Тожибоев.

Машъалбек Тожибоев.
Фото: Хонобод шаҳри ҳокимлиги

«Kun.uz» мухбири ҳудуддаги ҳокимларнинг ОАВ вакилларига қанчалик очиқ ва шаффоф бўлиши уларнинг матбуот котибларига ҳам боғлиқлигини айтиб, вилоятда фаолият юритаётган ҳокимлик матбуот котибларининг аксарияти ўз ишини эплолмаётганини билдирмоқда.

Отабек Нуриддинов.

Отабек Нуриддинов.
Фото: «Дарё» / Фазлиддин Муқаддасов

Ижтимоий тармоқлар фаоли, блогер Отабек Нуриддинов «Дарё» мухбири билан суҳбатда Асака ва Андижон шаҳри ҳокими ОАВ, хусусан, блогерлар учун доим очиқ эканини айтмоқда.

Мансур Алихонов.

Мансур Алихонов.
Фото: Асака тумани ҳокимлиги

«Асака тумани ҳокими Мансур Алихонов ҳамда Андижон шаҳри ҳокими Баҳром Ҳайдаровлар ОАВ вакиллари учун ҳамиша очиқ. Улардан тўғридан-тўғри изоҳ олиш мумкин. Менинг назаримда ОАВ учун ёпиқ ҳокимлар Шаҳрихон тумани ҳокими Ҳикматилла Дадахонов ва Андижон тумани ҳокими Абдужаббор Эгамбердиев ҳисобланади. Булар билан боғланиш ҳам, мулоқот қилиш ҳам қийин», — дейди Отабек Нуриддинов.

«Дарё» мухбири бу масалада босма оммавий ахборот воситалари — газета журналистлари билан ҳам суҳбатлашди. Улар ҳокимлар журналист ва блогерлар билан доимо яхши муносабатда бўлишини билдириб, ҳар қандай ҳолатда ҳам иши ҳокимликларнинг матбуот котиблари орқали битишини, ҳокимлар билан шахсан ҳеч қачон боғланмаганини, рўбарў келмаганини айтган.

«Дарё» ҳудудлардаги ҳокимларнинг ОАВга очиқлигини ўрганишда давом этади.

Изоҳ
Асосий янгиликлар
Маҳаллий
Мактаб ўқитувчиларига “Open budjet”да овоз тўплаш бўйича топшириқ берилаётгани айтилмоқда 
Туркманистон
Ашхобод тажрибаси: одамлар зилзиладан эмас, балки бинолар туфайли ҳалок бўлади
Дунё
“Толибон” опиум савдосидан олинадиган солиқни бекор қилди. Наркотик модда учун қанча солиқ тўланган?