АҚШ Эрон, Сурия ва Угандадаги ўндан ортиқ шахс ва ташкилотларга нисбатан санкциялар киритди. Улар инсон ҳуқуқларининг жиддий бузилиши ва репрессив ҳаракатларга шерикликда айбланмоқда, деб ёзади Reuters.
Вашингтон кимёвий қуроллардан тинч аҳолига қарши уюштирилган ҳужумларда иштирок этиш айби билан Сурия Ҳарбий ҳаво кучларининг икки юқори мартабали зобитини ҳамда Сурия хавфсизлик ва разведка хизматининг уч нафар юқори мартабали ҳарбийсини қора рўйхатга киритди.
АҚШ Молия вазирлигининг (OFAC) Хорижий активларни назорат қилиш бошқармаси Уганда ҳарбий разведкаси бошлиғи, генерал майор Абел Кандихога нисбатан унинг назорати остида инсон ҳуқуқлари бузилишига йўл қўйилгани учун санкциялар киритди. Ўз навбатида Уганда ҳарбийлари ушбу қарордан ҳафсаласи пир бўлганини билдирди, уларнинг фикрича, бу қарор тегишли қонуний жараёнларсиз қабул қилинган.
АҚШ Молия вазирлиги Эроннинг терроризмга қарши кураш бўлинмаларига, шунингдек, бир қанча амалдорларига, жумладан, Эроннинг энг муҳим ички хавфсизлик бўлинмаларидан бирининг қўмондони Голамрез Сулаймонийга қарши янги санкциялар эълон қилди. Бунга жавобан Эрон АҚШни 2015 йилги Эрон ядровий келишуви бўйича Венада бўлиб ўтаётган музокаралар фонида янги санкциялар жорий этгани учун танқид қилди.
Аввалроқ Эрон ядро дастури иштирокчиларига ядровий мажбуриятлар ва АҚШнинг илгари жорий этган санкцияларини бекор қилиш юзасидан ўз таклифларни топширганди.
Изоҳ (0)