«Толибон» Ташқи ишлар вазирлиги АҚШ Конгрессига очиқ хат йўллаб, унда Афғонистоннинг Америкадаги маблағларини блокдан чиқаришни сўради. Бу ҳақда «Интерфакс» хабар берди.
«Шундан хавотирдамизки, агар ҳозирги вазият сақланиб қолса, афғон ҳукумати ва халқи минтақада ҳамда дунёда оммавий миграцияга сабаб бўладиган муаммоларга дуч келиши мумкин, бу эса бутун дунё учун қўшимча гуманитар ва иқтисодий муаммоларни келтириб чиқаради», — дейилади мактубда, унинг матни 17 ноябрь куни «Толибон» назоратидаги интернет ресурсларида эълон қилинган.
«Толибон»нинг эслатишича, Афғонистонда янги ҳукумат эълон қилиниши билан Қўшма Штатлар Афғонистон Марказий банки активларига нисбатан санкциялар жорий қилган. Толибларнинг фикрича, бу «Доҳа келишувига зид». «2020 йил февраль ойида Доҳа келишуви имзолангандан бери биз ортиқ бир-биримиз билан тўғридан-тўғри зиддиятда ҳам, ҳарбий мухолифатда ҳам эмасмиз, активларимизни музлатиш ортида қандай мантиқ бўлиши мумкин?» — қайд этилади ҳужжатда.
«Толибон»нинг таъкидлашича, ҳозир Афғонистон «уюшган, масъулиятли ва коррупциясиз ҳукуматга эга ва унинг активларини музлатиш мантиққа тўғри келмайди».
Мактубда, шунингдек, «Афғонистон минтақа ва дунё учун хавф туғдирмаслиги, ҳамкорликнинг ижобий йўли очилгани» қайд этилган. «Энди Афғонистонда ўсиш ва ривожланиш учун ҳамма нарса бор, АҚШ Афғонистоннинг ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалиги ва тоғ-кон саноатига сармоя киритиши ҳам мумкин», — дейилади «Толибон» мактубида.
Август ойида Афғонистонда «Толибон» ҳокимият тепасига келганидан сўнг, АҚШ Афғонистоннинг Америка банкларидаги давлат захираларини музлатиб қўйган. Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) маълумотларига кўра, 2021 йил апрель ойи ҳолатида Афғонистон ҳукумати захиралари 9,4 миллиард доллар бўлган, бу мамлакат йиллик ялпи ички маҳсулотининг учдан бир қисмини ташкил қилади. Бу маблағлар асосан АҚШда сақланади, Америка банкларидаги маблағларнинг аниқ миқдори номаълум, аммо Washington Post маълумотларига кўра, бу миллиардлаб долларни ташкил қилади.
Кейинроқ ХВЖ ҳам Афғонистонга ёрдам беришни тўхтатди. Бунга «Толибон» ҳокимиятининг тан олиниш-олинмаслиги муаммоси сабаб бўлди. «ХВЖ ҳар доимгидек халқаро ҳамжамиятнинг фикрига асосланади. Ҳозирда халқаро ҳамжамиятда Афғонистондаги ҳукуматни тан олиш борасида аниқлик йўқ, бунинг натижасида мамлакат махсус қарз олиш ҳуқуқларидан ёки ХВЖнинг бошқа ресурсларидан фойдалана олмайди», — дейилади жамғарма хабарида.
Изоҳ (0)