Тошкент шаҳрида ўтказилган тунги рейдларнинг бирида ЙПХ ходимларининг қонуний талабларига бўйсунмасдан, жанжал кўтариб, «замминистр»нинг иккинчи хотини эканлигини айтган қоидабузар ҳайдовчи ёш актриса Мадина Эшонқулова эканлиги маълум бўлди. Бу ҳақда режиссёр, актёр ва продюсер Аҳад Қаюм Instagram’даги саҳифасида айтиб ўтди.

«Навбатдаги мурожаатим кеча кечқурун тарқалган видео қаҳрамони — мен ‘замминистр’нинг иккинчи хотиниман, деб айтган аёл ҳақида бўлади. У шоу-бизнес ичида юрган, сериал ва фильмлар ичида юрган Мадина деган қиз. У ҳозир битта сериалда суратга тушяпти. Сериалда Мадинанинг ‘замминистрнинг иккинчи хотиниман’, деган гапи бор. Ўшанинг эмоциясида янги образидан хурсанд бўлиб гапириб юрувди, ёнидаги бола ҳақиқатан ҳам укаси. Вазиятдан жаҳли чиқиб, ЙПХ ходимлари олдида шу гапни гапириб юборган. Ҳеч қандай бошқа муаммо йўқ», — дейди Аҳад Қаюм.

Шунингдек, Мадина Эшонқулова ҳам Instagram’даги саҳифаси орқали ўзи иштирокидаги видеони тарқатиб, уни «звезда» қилаётган блогерларга мурожаат йўллади.

«Ҳурматли блогерлар, мени интернетда айлантириб, «звезда» қилаётганларинг учун мингдан минг раҳмат». Виртуал ҳаётдан ташқарида Худо хоҳласа, албатта, кўришамиз. Ҳозирча интернетда мен билан бирга бўлиб туринглар.

Ким мени қанча муҳокама қилмасин, мени билган билади, билмаган ўзи билади. Мен учун бунинг умуман қизиғи йўқ. Чунки менинг қорнимни улар тўйғазмайди, ҳаётимни улар яшамайди. Жон меники, ҳаёт меники, қандай хоҳласам шундай яшайман», — дейди Мадина Эшонқулова.