Президент Шавкат Мирзиёевга тадбиркорларни энг кўп қийнаётган муаммолардан яна бири – ер ажратиш масаласи бўйича 4 мингдан зиёд мурожаат келиб тушган. Бу ҳақда давлат раҳбари ишбилармонлар билан ўтказилаётган мулоқотда маълум қилди, деб хабар беради «Дарё» мухбири.
«Биз сўнгги бир ярим йил давомида ерларни аукцион орқали очиқ-ошкора сотиш бўйича етарли тажриба орттирдик. Лекин аксарият ҳолларда аукционга қўйилган ер майдонлари тадбиркорга маъқул жойлардан эмас, балки олис, чекка ҳудуддаги, инфратузилмаси бўлмаган жойлардан берилган. Яхши майдонлар эса ҳар хил йўллар билан ҳокимлар қарори асосида тўғридан-тўғри бериб келингани ҳам ҳеч кимга сир эмас.
Бундан буён ер майдонлари фақат ва фақат очиқ-ошкора аукцион орқали хусусий мулк сифатида сотилади ёки ижарага берилади. Кўпчиликда ‘ер хусусий бўлди нима-ю, хусусий бўлмади нима’, деган фикр бўлиши табиий, албатта. Чунки бизда ерга хусусий мулкчилик бекор бўлганидан буён 3-4 та авлод алмашди.
Бир нарсани аниқ билиб олиш зарур: хусусийлашгани билан ер майдонлари камайиб ёки кўпайиб қолмайди, лекин унинг бозор қиймати пайдо бўлади. Ери бор одам ҳақиқий мулкдорга, капитал эгасига айланади», — дейди давлат раҳбари.
Президентнинг қайд этишича, бундан кейин тадбиркорлар ердан юқори ликвидли актив ва гаров объекти сифатида фойдаланиш имкониятига эга бўлади.
«Кўпчилик тадбиркорларни ўз корхонаси жойлашган ер майдонининг тақдири эртага нима бўлади, деган саволлар қийнаётгани ҳам, жойларда бор гап. Ушбу корхоналарнинг ҳозирда эгалик қилиш, фойдаланиш ёки ижара ҳуқуқи асосида эгаллаб турган ер майдонлари уларга мулк қилиб расмийлаштириб берилади. Яъни бу ерни бошқа одам сотиб ололмайди, уни хусусийлаштиришга фақат ер эгасининг ўзи ҳақли бўлади.
Бунда, ернинг турига қараб, унинг жойлашган ҳудудидан келиб чиқиб ерлар имтиёзли шартлар асосида ушбу корхоналарга хусусийлаштириб берилади. Бундан кейин тадбиркорлар ердан юқори ликвидли актив ва гаров объекти сифатида фойдаланиш имкониятига эга бўладилар. Мен ўйлайманки, бу янгиликлар тадбиркорларимиз узоқ йиллар кутган тарихий адолатни рўёбга чиқаради», — дея таъкидлайди Шавкат Мирзиёев.
Изоҳ (0)