Ўзбекистонга ҳафтанинг катта қисми давомида Эрон ҳудудларидан қуруқ ва иссиқ ҳаво кириб келиши давом этади, деб хабар бермоқда «Ўзгидромет».
Қайд этилишича, ҳаво ҳарорати кечалари 25-27 даража, кундуз кунлари 41-43 даража, шимолда, жанубда ва чўл ҳудудларида 44-46 даражагача иссиқ бўлиб, бу ўртача кўп йиллик қийматлардан 5-8 даражага юқоридир.
9 июль, жума кунидан бошлаб республика ҳудудига Волга бўйи ҳудудларидан деярли салқин ҳаво массалари кириб келиши бошланади ва иссиқ аста-секин пасайишни бошлайди. Жума куни кундузги ҳарорат 37-40 даражагача пасаяди ва фақат жанубий ҳудудлар бўйича 42-44 даражани ташкил этади.
Қорақалпоғистон ҳудуди бўйича ҳарорат пайшанба кунидан пасайишни бошлайди ва жума куни ҳаво ҳарорати 32-37 даражани ташкил этади.
Дам олиш кунлари Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида ҳароратнинг пасайиши давом этади.
Ҳафтанинг бошида ва охирида Ўзбекистоннинг айрим тоғ олди ва тоғли ҳудудларида момақалдироқ билан маҳаллий ёмғир ёғиши эҳтимоли бор. Сешанба куни кечга томон эса Тошкент вилоятининг текислик ҳудудлари бўйича бироз ёмғир ёғиши мумкин.
Ҳафта давомида республика бўйича баъзи жойларда шамол 15-20 метр/секундгача кучайиши кутилмоқда.
Аввалроқ Ўзбекистонда 6—8 июль кунлари Эрон ҳудудларидан иссиқ ҳаво массаларининг кириб келиши туфайли жазирама иссиқ кучайиши кутилаётгани, ушбу кунларда ҳаво ҳарорати иқлимий меъёрлардан 5—8 даражага юқори бўлиши маълум қилинганди.
Президент Администрацияси ҳукумат ва вилоят ҳокимликлари, вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари раҳбарларига ҳаво ҳарорати кескин кўтарилиши оқибатида юзага келадиган нохуш ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида шошилинч тарзда амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирларни юборди.
Изоҳ (0)