«Ўзбекнефтгаз» АЖ бошқарув раиси Меҳриддин Абдуллаев «Бунёдкор» футбол клуби президенти этиб тайинланди, дея хабар қилмоқда клуб матбуот хизмати.
1 март куни «Бунёдкор» футбол клуби Кузатув кенгашининг йиғилиши бўлиб ўтган. Унда клуб моддий-техник базасини янада мустаҳкамлаш, мусобақаларда муваффақиятли иштирок этишни таъминлаш, шунингдек, клубга янги президент тайинлаш масаласи кўриб чиқилган.
2017 йилдан бери «Ўзбекнефтгаз» акциядорлик жамиятининг молия ва иқтисодиёт бўйича бошқарув раиси ўринбосари Ашуров Улуғбек «Бунёдкор» президентлиги лавозимидан ишлаб келаётганди. Унинг ўрнини Меҳриддин Абдуллаев эгаллаган.
Меҳриддин Абдуллаев 1969 йил Бухоро вилояти Жондор туманида туғилган. Мутахассислиги — иқтисодчи, ҳуқуқшунос. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Бухоро вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон миллий банки ва Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасида турли раҳбарлик лавозимларида фаолият юритган.
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @Daryo_Sport24’га обуна бўлинг!
Изоҳ (0)