Олий Мажлис Қонунчилик палатасида 2 март куни  ўтказилган «Ҳукумат соати»да олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқулов Юнусобод туманида ўлик ҳолда топилган 5 нафар талабанинг яқинларига моддий, маънавий ёрдам кўрсатилганини таъкидлади, дея хабар бермоқда «Дарё» мухбири.

Фото: «Дарё»

«Тергов-суриштирув жараёнлари ҳали якунига етмади, сабаблари тўлиқ аниқланмади. Лекин барча ректорлар жаноза тадбирларида қатнашиб, марҳумларнинг ота-оналарига моддий, маънавий ёрдам, қолаверса, психологик хизмат кўрсатиб, бутун жамоаси билан бирга бўлди. Бу нохуш ҳолатга ректорлар бефарқ эмас, қатъий назоратга олинган», — деди Абдуқодир Тошқулов.

Аввалроқ Тошкентнинг Юнусобод туманида беш нафар талаба ўлик ҳолда топилгани ҳақида хабар берилган эди.

Маълум қилинишича, уларнинг мурдалари 27 февраль куни соат 20:50 ларда «Фирдавсий» МФЙ, Инжобод кўчасида ижарада яшаб келган уйдан топилган. Жами беш нафар талаба — Тошкент Ахборот технологиялари университети 2-босқич талабалари М.У., Р.С., Д.Ғ. ва Сингапур университети 2-босқич талабаси О.И. ҳамда Инҳа университети 1-босқич талабаси С.Х. вафот этган.

Ушбу ҳолат юзасидан шу куннинг ўзида Юнусобод туман прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 259-моддаси 2-қисми «а» банди (ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Суд тиббиёт экспертизасининг 27 февраль кунги дастлабки хулосасига кўра, жабрланувчиларнинг ўлими номаълум моддадан ўткир заҳарланиш натижасида юз берган.

Мазкур жиноят иши тергови Бош прокуратура томонидан назоратга олинган.