Евроиттифоқда 8 декабрь куни ЕИ давлатларига қисқа ва узоқ муддатли виза олувчиларга қўйиладиган янги талаблар дастлабки тарзда кўриб чиқилиб, маъқулланди. «Korrespondent.net»нинг хабар беришича, бу ҳақда ЕИ кенгаши матбуот хизмати маълум қилди.
Янги келишувга кўра, жумладан, биометрик маълумот йиғиш бўйича талаб янгиланмоқда. Янги базада қоғоз фотосуратлардан эмас, фақат юқори аниқликдаги рақамли суратлардан фойдаланилади. Бармоқ изларини топшириши шарт бўлган болаларнинг ёши 12 дан 6 ёшгача пасайтирилди.
Қарор оралиқ тусга эга бўлиб, унинг кучга кириши учун яна қатор юридик босқичлар талаб қилинади. Шу сабабли унинг кучга кириши санаси ҳали белгиланмаган.
Ҳужжатда айтилишича, ушбу келишув ҳар қандай қисқа муддатли виза тақдим этишда уни олувчи тўғрисида ЕИнинг барча миграцион ва полиция базаларидан маълумот йиғилишини назарда тутади.
Ҳозирги вақтда виза олувчиларнинг ушбу маълумотлар базаларига нисбатан текшириш тасодифий ва фақат қисман автоматлаштирилган режимда амалга оширилмоқда. Янги тизим виза олиш учун мурожаат этувчиларнинг 100 фоиз текширувдан ўтишини таъминлаши керак.
Изоҳ (0)