Тошкентдаги «Бахт» кўлининг ҳудудида Lake City «кўл шаҳри» қурилмоқда. Бу ҳақда YouTube’даги «SherdorTV» каналига таяниб, Spot хабар берди.
Лойиҳани амалга ошириш билан MJ Developers компанияси шуғулланмоқда. Компаниянинг стратегик маслаҳатчиси Анкит Жаланнинг сўзларига кўра, мажмуа ҳудуди 100 гектарга тенг ва у мамлакатда сув ҳавзаси атрофида қурилган илк лойиҳа ҳисобланади.
«Барча объектлар, барча кўнгилочар масканлар сув атрофида жойлашади. Лойиҳа, шунингдек, энг катта аквапаркни ўз ичига олади», — дейди у.
Лойиҳа доирасида пляжга эга сунъий кўл яратилади. Жаланнинг айтишича, унга барча ташриф буюриши мумкин бўлади. Кўл ўртасига худди Лас-Вегас ва Дубайдаги каби фонтан ўрнатиш режалаштирилмоқда. Шунингдек, бир нечта сунъий оролчалар ҳам бўлади.
Бундан ташқари, объект ҳудудидан кўп қаватли турар жой бинолари ва виллалар, гольф майдончаси, дўконларга эга булвар ва бошқа турли масканлар ўрин олади.
Сюжетда таъкидланишича, мазкур лойиҳа 500 миллион долларга баҳоланган бўлиб, бир неча йил давомида уни тўлиқ қуриб битказиш режалаштирилмоқда, бироқ илк объектлар яқин ойлар ичида тайёр бўлади.
Мавзуга доир: «Дарё бўйи Бизнес сити» лойиҳаси ҳудудни қай тарзда ўзгартиради? Лойиҳа муаллифлари билан суҳбат (видео)
Изоҳ (0)