Соғлиқни сақлаш вазирлиги Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси Муса Ерниязовнинг коронавирусдан вафот этганини тасдиқлади.
Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси раиси Муса Ерниязов вафот этгани тўғрисида 31 июль куни хабар берилганди.
Маълум қилинишича, Нукус шаҳрида яшаган 73 ёшли Муса Ерниязов 24 июнь куни COVID-19 инфекцияси тасдиқланган ва академик В.Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган Хирургия илмий-амалий тиббиёт марказининг Нукус филиалига ётқизилган.
Унга COVID-19 инфекцияси ўта оғир кечиши, икки томонлама пневмония ташхиси қўйилган. Хасталик ўткир респиратор дистресс синдром, ўткир нафас ва юрак қон-томир, полиорган, ўткир жигар ва буйрак етишмовчиликлари, бош мия шиши, инсульт каби асоратлар билан кечган. Шунингдек, қандли диабет, гипертония, артериал гипертензия каби ҳамроҳ касалликлар билан ҳам оғриган.
Бемор бир неча йилдан буён қандли диабет, гипертония, юрак ишемик касаллиги билан даволаниб юрган ва назоратда турган. Шифохонада беморнинг даволаниши давомида шифокорлар томонидан онлайн консультация ва консилиумлар қилинган, даволаш жараёни мутахассислар тавсияси асосида олиб борилган.
Бироқ шифокорлар томонидан стандартлар асосида ўтказилган реанимацион муолажаларга қарамасдан беморнинг аҳволи асосий касаллик ҳисобига кескин оғирлашиб, кеча ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилигидан вафот этган.
Эслатиб ўтамиз, Муса Ерниязов коронавирусга чалингани ҳақидаги хабарлар июль ойи бошида пайдо бўлганди. Аммо ўшанда Қорақалпоғистон раҳбарияти бу хабарларни қатъий рад этганди. Қорақалпоғистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги эса 31 июль куни Муса Ерниязовнинг 30 июнда касалхонага ётқизилганини хабар қилди.
Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги 18 июль куни Муса Ерниязов коронавирусга чалингани ҳақида хабар берганди. ССВ Ерниязовнинг аҳволини барқарор деб баҳолаганди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳисобига кўра, 73 ёшли М.Е. коронавируснинг 143-қурбонига айланди
Изоҳ (0)