Фарғона шаҳар прокуратураси томонидан Фарғона давлат университетида кириш имтиҳонлари натижалари сохталаштирилгани ҳолати юзасидан Жиноят кодексининг 228-моддаси 2-қисми «б» банди (бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда, дея хабар бермоқда Бош прокуратура матбуот хизмати.
Аниқланишича, Фарғона давлат университети проректори А.А. 2019/2020-ўқув йили учун «Жисмоний маданият» имтиҳон комиссиясининг масъул котиби этиб тайинланиб, 2019 йил июль ойида ўтказилган «Жисмоний маданият» факультетига кириш имтиҳонлари жараёнида комиссиянинг бошқа аъзолари билан жами 18 нафар абитуриентнинг имтиҳон натижаларини сунъий равишда ошириб кўрсатган.
«Сохталаштириш натижасида ушбу абитуриентлар олий таълим муассасига ўқишга қабул қилинган», — дейилади Бош прокуратура ахборотида. Проректорга нисбатан 4 март, чоршанба куни, Жиноят кодексининг 205-моддаси 1-қисми (ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) ва 209-моддаси 2-қисми «а» (такроран ёки хавфли рецидивист томонидан содир этилган мансаб сохтакорлиги) банди билан айб эълон қилинган.
«Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда», — дея қўшимча қилинган Бош прокуратура ахборотида.
Изоҳ (0)