Япониянинг Itochu Corporation ва Marubeni Corporation каби етакчи компаниялари Ўзбекистон газ узатиш тизимини модернизация қилиш бўйича тендерда иштирок этади, деб хабар бермоқда Энергетика вазирлиги матбуот хизмати.
Қайд этилишича, 2019 йилнинг сентябрида Энергетика вазирлиги делегациясининг Японияга ташрифи натижасига кўра, мамлакатнинг Itochu Corporation ва Marubeni Corporation каби етакчи компаниялари «Диспетчерлик маркази, мониторинг ва газ инфратузилмаси объектларини бошқаришни (SCADA) жорий этиш билан Ўзбекистон Республикасида газ узатиш тизимини модернизациялаш» лойиҳасини ҳамкорликда амалга ошириш борасида қизиқиш билдиргани муносабати билан учрашув ташкил этилди.
Учрашувда «Ўзтрансгаз» акциядорлик жамияти томонидан икки босқичда амалга оширилиши кўзда тутилаётган «Ўзбекистон Республикаси газ узатиш тизимини модернизация қилиш лойиҳаси» тақдимоти ўтказилган.
Япония компаниялари лойиҳанинг Осиё тараққиёт банки томонидан молиялаштириладиган биринчи босқичини амалга ошириш бўйича халқаро тендерда иштирок этиш истагида эканини, лойиҳанинг иккинчи босқичида эса Япониянинг имтиёзли молиялаштиришини жалб этиш билан қатнашиш фикрида эканини билдирган.
Учрашув якунида томонлар 2019 йилнинг ноябрь ойида Япония компаниялари иштирокида лойиҳанинг иккинчи босқичини молиялаштириш ва амалга оширишни батафсил муҳокама қилиш мақсадида ишчи гуруҳлар ўртасида қўшимча учрашувлар ташкил этишга келишган.
Изоҳ (0)