Ўзбекистон Бош прокуратураси Жиззах шаҳридаги «Истиқлол» болалар истироҳат боғидаги аттракционда рўй берган ҳодиса юзасидан маълумот берди. Бу ҳақда «Kun.uz» хабар бермоқда.
«2019 йил 28 июнь куни соат 12:30 ларда Жиззах шаҳар, «Наврўз» маҳалласи ҳудудидаги «Истиқлол» болалар истироҳат боғидаги ЯТТ «Маматқулов Бурхон»га қарашли «Учар ликопча» аттракциони айланаётган вақтида аттракционнинг «ликопча» қисми таянч ўқига пайвандлаш чокидан узилиши оқибатида 7 метр баландликдан ерга қулаб тушган бўлиб, 8 нафар мижоздан бир нафари, яъни 1999 йилда туғилган Х.М. «ҳаёти учун хавфли бўлган оғир тан жароҳати» олиб воқеа жойида вафот этган.
«Учар ликопча» аттракциони 2019 йил март ойида «Истиқлол» болалар истироҳат боғига ўрнатилган бўлиб, ЯТТ «Маматқулов Бурхон» томонидан фойдаланиб келинган.
Воқеа содир бўлган жойга вилоят прокурорининг биринчи ўринбосари, Жиззах шаҳар прокурори, вилоят ИИБ бошлиғи ўринбосари, шаҳар ИИО ФМБ бошлиғи ва бошқа тезкор ходимлар чиқди.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиззах вилоят ИИБ ҳузуридаги тергов бошқармаси томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 257-моддаси 2-қисми «а» банди (Меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш одам ўлимига сабаб бўлиши) билан жиноят иши қўзғатилган», дейилади бош прокуратура маълумотида.
Ҳозирда жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда ва вилоят прокуратураси томонидан назоратга олинган.
Изоҳ (0)