2018 йилнинг 8 декабрь куни Ўлмас Ўсаров Ўзбекистон Президентининг «Ишонч телефони»га қўнғироқ қилган. Ўсаров ўз мурожаатида Республика инкассация хизмати Давлат унитар корхонаси Самарқанд вилоят бошқармаси бошлиғи ишга қабул қилиш эвазига 2000 доллар ҳамда Булунғур туман ИИБ ЁХБ раҳбари ишга кириш учун 500 доллар талаб қилаётганлигини айтган.
Жиноят ишлари бўйича Булунғур туман судининг «Дарё»га маълум қилишича, Ўлмас Ўсаров ғаразгўйлик ва паст ниятда инкассация хизмати Давлат унитар корхонаси Самарқанд вилоят бошқармаси бошлиғи Жаҳонгир Мухтаров ва Булунғур туман ИИБ ЁХБ бошлиғи Фарҳод Убаевни шарманда қиладиган уйдирма тарқатган. Аниқроғи, Жаҳонгир Мухтаров ва Фарҳод Убаевларни мансабдор шахс сифатида пора сўраганликда айблаб, туҳмат қилган.
Жиноят ишлари бўйича Булунғур туман судида Ўлмас Ўсаровнинг жиноят иши бўйича сайёр суд мажлиси бўлиб ўтган. Суд мажлисида Ўсаров ўз айбига қисман иқрорлик билдирган. Маълум бўлишича, у 2004 йилда Булунғур туман ИИБ ЁХБда ўт ўчирувчи вазифасида ишлаб, 2006 йилда ўзининг аризаси асосида ишдан бўшаган. Шундан сўнг у 2009 йил февраль ойида Республика Инкассация хизмати давлат унитар корхонасининг Самарқанд вилоят бошқармасига пул йиғувчи вазифасига ишга кирган. У ерда ишлаб юриб 2011 йилнинг июнь ойида оилавий шароити туфайли ўз хоҳишига кўра ишдан бўшаган. Сўнг 2011 йилнинг август ойида Россияга ишлаш учун бориб, 2017 йилнинг март ойида Ўзбекистонга қайтиб келган.
Ўлмас Ўсаровнинг судда баён этишича, 2018 йилнинг ноябрь ойларида у ишга кириш мақсадида Республика Инкассация хизмати давлат унитар корхонасининг Самарқанд вилоят бошқармасига борган. У ерга бориб ходимлар билан ишлаш бўйича етакчи мутахасис Maxфура Мирзаевага учрашган. Мирзаева унга ҳозирда бўш ўрин йўқлигини айтган. Шундан сўнг у шу ердаги одамлардан ишга кириш учун ким билан гаплашиш ва мурожаат қилиш кераклигини сўраган. Унга нотаниш фуқаро 2000 доллар берса ишга киргазса керак деган. Лекин ундан Республика Инкассация хизмати давлат унитар корхонасининг Самарқанд вилоят бошқармаси бошлиғи бўлган Жаҳонгир Мухтаров ҳамда ушбу ташкилотда ходимлар билан ишлаш бўйича етакчи мутахасис вазифасида ишловчи Maxфура Мирзаевалар ишга кириши учун пул сўрамаган.
Ўлмас Ўсаровнинг у ердан чиқиб Булунғур туман ИИБ Ёнғин хавсизлиги бўлимига борган. У ердаги ходимларга учрашиб, ишга кирмоқчилигини билдирган. Туман ИИБ Ёнғин хавсизлиги бўлими ходимлари ҳам ҳозирда бўш иш ўрни йўқлигини айтганидан сўнг Ўсаров шу ердаги одамлардан ишга кириш учун кимга учрашиш кераклигини сўраган. Унга нотаниш фуқаро ЁХБ бўлимига кириши учун 500 доллар харажат қилиши кераклигини билдирган. Лекин ундан Ёнғин хавфсизлик бошқармаси бошлиғи ва у ерда ишловчи ходимлар пул сўрамаган.
Суд жараёнида аниқлик киритилишича, Ўлмас Ўсаров орадан икки ҳафта ўтганидан сўнг ўзининг қўл телефони орқали Президент виртуал қабулхонасининг 1000 ишонч телефонига қўнғироқ қилган. Президент виртуал қабулхонасига мурожаат қилиш орқали ишга киришни мақсад қилган Ўсаров Республика Инкассация хизмати давлат унитар корхонасининг Самарқанд вилоят бошқармасига ишга кириши учун 2000 доллар ҳамда Самарқанд вилоят ИИБ Ёнғин хавфсизлик бошқармасига ишга кириши учун 500 доллар сўраяпти деб айтган.
Судда олиб борилган сўроқ ишлари ва тўпланган ҳужжатлар асосида Ўлмас Ўсаровдан ҳеч ким ишга кириши учун пул сўрамаганлиги ойдинлашди.
Судланувчи Ўлмас Ўсаровнинг айби судда сўралган жабрланувчи ва гувоҳларнинг кўргазмалари ҳамда иш ҳужжатларида мавжуд бўлган инкор этиб бўлмайдиган далиллар асосида тўлиқ исботланди.
Жиноят ишлари бўйича Булунғур туман судининг судьяси Фарҳод Худайбердиев раислигида ўтган суд мажлисида Президент виртуал қабулхонаси орқали мансабдор шахсларга туҳмат қилган Ўлмас Ўсаров устидан ҳукм эълон қилинди. Суд ҳукмига кўра Ўлмас Ўсаров Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 139-моддаси (Туҳмат) 3-қисмининг «а, г» бандлари билан айбли деб топилиб бир йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.
Изоҳ (0)