Asia Alliance Bank акциядорлик тижорат банкининг 100 фоиз акциялари Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш Давлат қўмитаси тасарруфига ўтди. Энди Ўзбекистонда давлат банклари бешта бўлди. Бу ҳақда «Газета.uz» хабар берди.
Банкнинг 45 фоиз акциялари давлат томонидан ўтган йилнинг октябрь ойида сотиб олинган. Банк акциялар эмиссиясини ўтказди ва давлат муассасалари кўринишида янги акциядорларни жалб қилди.
Корпоратив маълумотлар ягона порталида берилган маълумотларга кўра, 21 декабрь куни муддатидан аввал банк кенгаши ва ревизия комиссиясининг ваколати тугатилган ҳамда янги аъзолар сайланган эди.
Аввалроқ кенгаш хусусий компаниялар вакиллари — Next Tech Energy B. V., Gor Investment Limited, Musaffo Niyat, Central Asian Engineering ваколатхоналарининг раҳбарлари ва менежерларидан иборат эди.
Энди кенгаш таркибидан Вазирлар Маҳкамаси, Рақобат қўмитаси, Молия вазирлиги ҳамда Иқтисодиёт вазирлиги (Иқтисодиёт ва саноат вазирлигига айлантирилади)қошидаги давлат ва хусусий ҳамкорликни ривожлантириш Агентлиги вакиллари жой олган. Ревизия комиссияси аъзолари ҳам тўлиқ давлат муассасалари вакилларидан таркиб топган.
Musaffo Niyat вакили мазкур келишувни махфийлиги боис уни шарҳлашдан бош тортди, аммо у мазкур келишув томонларнинг розилиги билан амалга оширилганлигини қайд этди.
Вазирлар Маҳкамасининг 27 декабрдаги фармойиши билан 2017 йил натижаларига кўра 27,48 миллиард сўм миқдордаги дивидендларни банк устав капиталини оширишга йўналтириш тўғрисида қарор қабул қилинган.
Аввалроқ устав капитали 140 миллиард сўмни ташкил қилиб, ҳар бири 250 сўм бўлган 560 миллион дона оддий акцияларга бўлинган эди. Эндиликда устав капитал миқдори 167,48 миллиард сўмни ташкил қилади.
Ўзбекистон президенти декабрда парламентга қилган мурожаатида банк тизимида давлат улушининг юқори даражада эканлиги мамлакат банк тизимининг асосий муаммоси эканлигини қайд этганди (банкларнинг 83% капитали давлатга тегишли).
«Бу банк секторидаги соғлом рақобатга тўсқинлик қилади ва кўрсатилаётган хизматлар сифатига салбий таъсир кўрсатади», — деган эди президент. «Биз банк тизимига хусусий ва чет эл капитали оқими эвазига давлат банклари улушини камайтирамиз», — деган эди у.
Изоҳ (0)