«Ўзбекистон почтаси» АЖ ва Швейцариянинг ZOODEL компанияси ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзоланди. Бу ҳақда «Халқ сўзи» хабар бермоқда.
Меморандумга мувофиқ, томонлар тажриба ва маълумот алмашишади, ўзаро консултатив қўллаб-қувватлашни амалга оширади, электрон тижорат ривожланишига бағишланган тадбирларда қатнашишни таъминлайди.
2018 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистонда ZoodMall электрон онлайн майдончаси ишга туширилади. Бу орқали ишлаб чиқариш компаниялари ва дилерлар ўз молларини воситачиларсиз сотиш имкониятига эга бўлади.
Ишлаб чиқарувчи ва сотувчиларга товарларни ZoodMall мобил иловалар ёрдамида сайтига жойлаштириш, ZoodMall’га жойлаштирилган товарларни eBay, AliExpress, Lazada, Cdiscount ва бошқа халқаро савдо майдончалари орқали илгари суриш имконияти яратилади.
Бу эса кунига юз миллионлаб харидорларни Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган товарлар ҳақида хабардор бўлишига имконият яратади. Мамлакат тадбиркорлари мазкур дастурдан бепул рўйхатдан ўтиши назарда тутилаяпти.
« ZoodMall мобил иловаси ўзбек ишбилармонларига хориж бозорларида онлайн савдони ташкил этишда қулай имкониятлар беради. Бу 300 миллиондан ортиқ харидор дегани. Ўзбекистон истеъмолчиларига эса энг яхши нархлар ва таклифлар тақдим этилади. Ўз навбатида, миллий почта оператори маҳсулотларни сифатли етказиб беришни ўз зиммасига олади», — дейди ZOODEL компаниясининг МДҲ давлатлари бўйича бош директори С. Муҳаммадалиев.
Изоҳ (0)