Россиянинг Ҳарбий-космик кучлари биринчи бор Суриядаги террорчилар томонидан фойдаланилган шаҳид-танкларни ишлаб чиқарувчи учта заводни йўқ қилди. Бу ҳақда Россия Қуролли кучларининг Суриядаги гуруҳи штаб раҳбари генерал-лейтенант Александр Лапин маълум қилди, деб хабар берди «Интерфакс».
Генералнинг сўзларига кўра, шаҳид-танклар — бу Т-55 ёки Т-62 каби танклар бўлиб, унинг жанговар бўлинма минорасига танкка қарши мина, тротил, аммиакли селитра жойлаштирилган бўлади. «Бундан биринчи бор ИШИД аъзолари фойдаланган. Бу Акербат ҳудудида шаҳид-танкларни ишлаб чиқарувчи ягона завод. У 2015 йилдан бери ишлаб келган ва 29 август куни йўқ қилинган. Шунингдек, бу каби заводлар Дайр-аз-Завр ва Ас-Сухнада ҳам аниқланган», — дейди Лапин.
Штаб раҳбарининг айтишича, ушбу заводлар Россия Ҳарбий-космик кучларига тегишли учувчисиз учиш қурилмалари ёрдамида аниқланган. Шаҳид-танклар портлаганида ундан ҳеч нима қолмайди, 300 метр радиусдаги барча тирик жон яксон бўлади.
Жангарилар бу турдаги зирҳли техникаларга қум солинган қопларни ушлаб турадиган темир панжаралар ўрнатиб, уни мустаҳкамлашга ҳаракат қилмоқда. Россия Ҳарбий-космик кучлари эса шаҳид-танкларни ўзининг ОФАБ-500 авиация бомбалари ёрдамида йўқ қилмоқда.
Изоҳ (0)