Ўзбекистон Мустақиллигининг 25 йиллиги муносабати билан актриса Наргиза Абдуллаева «Шуҳрат» медали билан тақдирланди. Уни мукофот билан табриклаган журналист Феруз Муҳаммад актрисанинг ижодий режалари ҳақида суҳбатлашди.
— Суҳбатимизни айни кундаги ижодий янгиликлардан бошласак. Қандай фильмларда рол ижро қилмоқдасиз?— Таклифлар жуда кўп, кўплаб сценарийларни кўриб чиқяпман. Хусусий кино студиялар томонидан тасвирга олинган «Аждар изидан» ва «Омонат» номли фильмларда суратга тушдим. Уларнинг премьераси тез кунларда бўлиб ўтади.
— Нега фильмларнинг премьераларида кўринмайсиз?— Тўғриси, премьераларга боришни ёмон кўраман. Нафақат бошқа фильмларнинг, балки ўзим ўйнаган фильмларнинг премьераларига ҳам кўпинча бормайман.
— Сабаби нимада?— Шундай ҳолатлар бўладики, сиз фильм савиясини билиб турасиз. Мажбуриятдан, кимларнингдир юзидан ўта олмай ўйнаган ролингиз тақдири унда ўйнашга розилик берган вақтингиздаёқ аниқ бўлади. Бундай фильмда рол ўйнаб, сўнг мухлислар олдига пешвоз чиқиб: «Мен шундай қилиб қўйдим, кимнингдир юзидан ўта олмай, ўзимга ярашмайдиган ролни ижро қилдим», деб ичингизда айтиб, уларга таъзим қилгандан кўра, премьерага бормасликни афзал кўраман.
— Кимларнингдир юзидан ўта олмай ўйнаган фильмларингиз кўпми?— Бўлган, аммо бу фильмларда моддий манфаат учун ўйнамаганман. Одамнинг юзи иссиқ бўларкан. Кўпинча бировнинг дилини оғритмай, илк қадамларини синдирмай, деб розилик бериб, сўнг ўзимнинг кўнглим оғриган дамлар кўп бўлган.
— «Илк қадамларини синдирмай» деяпсиз — гап ёш режиссёрлар ҳақида кетмоқда?— Гап ким ҳақида кетаётганини очиқ айтолмайман, аммо ёш режиссёрларга ҳам икки оғиз маслаҳатим бор. Кинога энди кириб келаётган режиссёрлар кўп ишларни бир ўзи бажармоқчи бўлади. Мисол учун, либосчи ҳам ўзи, продюсер ҳам ўзи, ҳам монтажчи, ҳам оператор, боз устига фильм сценарийси ҳам режиссёрлар томонидан ёзилмоқда. Ахир буларнинг ҳар бири алоҳида касб, ҳар бир касбнинг эса ҳам ўз усталари бор. Бир сафар режиссёрдан кейинги саҳна учун қандай кийим олиб келишим керак деб сўрасам: «Фарқи йўқ, уйда киядиган бирорта кийимингизни олиб келаверинг», деди. Жаҳлим чиқиб: «Мен уйда калта шортик кийиб юраман, шуни олиб бораверишим керак экан-да», деб юбордим. Улар учун актёр-актрисанинг йиллар мобайнида мисқоллаб тўплаган обрўси қизиқ эмас — уларга ўзлари суратга олган ва премьерадан нарига ўтолмайдиган фильмлари муҳим.
— Ўзбекистон Мустақиллигининг 25 йиллиги сиз учун қўшалоқ байрамга айланди. «Шуҳрат» медали билан тақдирланганингиз ҳақидаги хушхабарни сизга ким биринчи бўлиб етказди?— Кўпчилик шундай унвонлар билан тақдирланганида: «Умуман кутмаган эдим!», деган гапларни айтади. Нокамтарликка йўйманг-у, бироқ мен ростдан ҳам буни кутмаган эдим. Тўйхонада бошловчилик қилаётганимизда, шеригим, «Наврўз» радиоси бошловчиси Рустамбек микрофонни олиб, кутилмаганда: «Гулдурос қарсакларингиз остида Наргиза Абдуллаевани табриклаймиз — у ‘Шуҳрат’ медали билан тақдирланди!», дея эълон қилиб юборди, бу ҳақдаги хабар бир кун аввал интернетда чиққан экан. Очиғи, ўшанда ишонмадим. 25 август куни «Ўзбеккино»дан телефон қилиб, табриклашганидан сўнг ишондим.
Изоҳ (0)