Париж маъмурияти атроф муҳитни соғломлаштириш ва кўчаларда автомобиллар сонини камайтириш йўлидаги саъй-ҳаракатларни давом эттирмоқда. Бу сафар Франция пойтахти мэрияси парижликлар ҳамда Иль-де-Франс пойтахт минтақаси аҳолисига бир ҳафтага автомобиллардан воз кечишни таклиф қилди. Тегишли чақириқни маъмурият матбуот хизмати тарқатди, деб хабар бермоқда «ТАСС».
«Машинасиз етти кун: Париж Иль-де-Франс аҳолисини бу чақириқни қабул қилишга ва бир ҳафтага атрофни ифлослантирувчи транспорт воситасидан воз кечишга ундайди», — дейилади ҳужжатда.
Лойиҳа пойтахт мэрияси томонидан Атроф-муҳит ва энергия миллий агентлиги (ADEME) билан ҳамкорликда тайёрланди. Акция ташаббускорларининг ғоясига кўра, бу «кўнгилочар ва экологияга ижобий таъсир кўрсатадиган тадбир»га айланиши лозим. Унда ҳамма ўз хоҳишига кўра иштирок этиши мумкин.
«Иштирокчилар ўзлари учун муқобил транспорт воситаларининг устунликларини кашф этади», — таъкидлайди ташкилотчилар.
Париждаги экологик тажриба 19–25 сентябрь кунлари ўтказилади. Автомобиль ва мотоцикл ҳайдовчилари ўз аризаларини 2 сентябрга қадар киритиши лозим.
Изоҳ (0)