Аргентина президенти Маурисио Макри Багама оролларидаги ҳисобида сақланаётган 18 миллион песони (1,3 миллион доллар) Жанубий Америка республикасига қайтариб ўтказишга ваъда берди. Бу давлат раҳбарининг 30 май, душанба куни берган баёнотига таяниб, «ТАСС» хабар қилмоқда.
«Мен бошқарувчига ушбу жамғармани Аргентинага ўтказиш ҳақида кўрсатма бердим», — деди у журналистларга. Давлат раҳбарининг сўзларига қараганда, бу маблағлар Аргентина ғазнасига облигациялар харид қилиш учун сарфланиши мумкин.
Ўтган ҳафта Макри давлат раҳбари сифатидаги биринчи декларациясини топширди. Унга кўра, президентнинг даромади бир йил ичида деярли икки баробар ошган: 52,9 миллион песодан (3,7 миллион доллар) 110 миллион песогача (7,6 миллион доллар). Бундан ташқари, Макри биринчи марта Багама оролларида ҳисоби мавжудлиги ҳақида ҳисобот берди.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ аргентиналик судья Себастиан Касанельо Панама ва Багама оролларига у ерда рўйхатдан ўтган ва директори Аргентина президенти Маурисио Макри бўлган компаниялар тўғрисида маълумот тақдим этиш ҳақида сўровномани юборганди.
Изоҳ (0)