Ҳиндистоннинг Пуна шаҳрида 20 ёшгача бўлган шахматчилар ўртасида жаҳон чемпионати давом этмоқда. Ушбу мусобақада Ўзбекистон шарафини пойтахтлик Шамсиддин Воҳидов ҳамда сирдарёлик Сарвиноз Қурбонбоева ҳимоя қиляпти, деб хабар беради «Olamsport».
17 октябрь куни ўтказилган 11-тур учрашувида Шамсиддин Воҳидов дуранг натижа қайд этди. У қора доналарда ҳиндистонлик Патил Пратик билан муросага келди. Сарвиноз Қурбонбоева эса оқ доналарда чиройли ғалабага эришди. Сарвиноз мезбон шахматчи Руча Пужарини енгди.
12-тур олдидан Воҳидовда беш, Қурбонбоевада эса етти очко бор. Сарвиноз қўшимча кўрсаткичларга кўра, 14-поғонадан жой олган.
Бугун ўтказиладиган 12-турда Шамсиддин оқ доналарда АҚШ вакили Уильям Фишер билан ҳисоб-китоб қилса, Сарвинознинг рақибаси руминиялик Гелип Иоана бўлади.
Изоҳ (0)