3 майда Ўзбекистон Экологик ҳаракатининг Тошкент вилояти бўлими томонидан «Экомактаб» жамоат ташкилоти ва Угам-Чотқол давлат табиий миллий парки Бошқармаси билан ҳамкорликда Халқаро Ер кунига бағишланган «экологик акция» ўтказилди. Бу ҳақда UzReport хабар берди.
Тадбирда Тошкент вилояти Табиат муҳофазаси бўйича қўмитаси ва Угам-Чотқол давлат табиий миллий парки вакиллари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, Элчи Жорж Крол раҳбарлигидаги АҚШ Элчихонаси ҳамда General Motors Powertain Uzbekistan ходимлари ва ОАВ вакиллари иштирок этди. Тадбирни ташкил этишга Ўзбекистон алпинистлари клуби ва «Яшил дунё» болалар сайёҳлик клуби томонидан кўмак берилди.
Тадбирда маълум табиий ҳудуд учун мос бўлган дарахтларни сунъий тарзда экиш орқали табиий экотизм ва тоғ ландшафтларини қўллаш амалиёти жорий қилинди. Шу қаторда, ўрмон-парк ҳудудига асос солиш маросими ҳам ўтказилиб, жамоатчилик томонидан тоғ грунтига 200 га яқин тоғда ўсиш хусусиятига мослаштирилган дарахт кўчатлари экилди.
Шунингдек, хоҳловчилар «Дарахтни боқиб ол» акциясида қатнашиб, исталган бир дарахтни ўз қарамоғига олиш, ўз номи билан дарахт экиш ёки шунчаки қурғоқчилик вақтида суғориш учун келиш имкониятига ҳам эга бўлди. Кўчатларни экиш бўйича «экологик акция» 10 майга қадар давом этади.
Ташкилотчилар мазкур ҳудудда кўчат экиш ишларини кузда давом эттиришни режалаштирмоқда.
Изоҳ (0)