Тошкентда давом этаётган спорт гимнастикаси бўйича ўсмирлар ва қизлар ўртасидаги Осиё чемпионатида Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси муваффақиятли иштирок этиб, Хитойнинг Нанкин шаҳрида бўладиган ўсмирлар ўртасидаги II Олимпия ўйинларига йўлланмани қўлга киритди, деб хабар бермоқда ЎзА.
Қитъа чемпионатининг дастлабки куни ўтказилган жамоавий кўпкураш мусобақаларида Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси умумий ҳисобда 236,5 балл жамғариб, бронза медаль билан тақдирланди.
Иқтидорли спортчимиз Темур Қодировнинг эркин, таяниб сакраш, халқа, брус, турникда бажарган машқлари ҳакамлар томонидан 81,55 баллга баҳоланган бўлса, Элёр Исломовнинг чиқишлари 78,75 баллга лойиқ топилди. Терма жамоанинг чемпионатдаги муваффақиятида спортчиларимиздан Азиз Саидумаров, Мирабзал Фозилов ва Ҳамид Содиқовнинг ҳам ҳиссаси катта бўлди.