Майдондаги намойишчиларни ўққа тутишда гумон қилинаётган Киевнинг «Беркут» махсус хизмати ходимлари қўлга олинди. Бу ҳақда Украина Бош Прокуратурасига таяниб, «Лига.Новости» хабар бермоқда. Гумон қилинаётганлар рўйхатида 9 нафар ходимнинг исм-шарифи келтирилган бўлиб, улар орасида «Қора» махсус хизмат дея ном олган снайперлар гуруҳи бошлиғи ҳам бор. Уларнинг барчаси ёлғонни аниқловчи детектор ёрдамида сўроқ қилинди.
«УНИАН»нинг ёзишича, Майдондагиларга қарши қурол ишлатиш ҳақида Януковичнинг ўзи буйруқ берган. Бироқ собиқ президент 2 апрел кунги интервюсида Евромайдондаги ҳаракатларга қарши қатъий чора кўришга унинг «қўли бормаган»ини таъкидлаган эди.
Киевдаги 18—20 феврал воқеаларини суриштириш ишлари давомида терговчилар минглаб потахт милицияси вакилларини сўроқ қилди. Украина Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборотига кўра, Майдондаги қарама-қаршиликлар мобайнида жами 103 нафарга яқин одамлар ҳалок бўлган. Ярадор ва жароҳат олганлар сони 1528 нафар, бедарак йўқолган, дея тахмин қилинаётганлар сони 166 нафар эканлиги қайд этилмоқда.
Изоҳ (0)