Фарғона вилоятида паст рентабелли ва зарар кўриб ишлаётган корхоналарни молиявий соғломлаштириш, ишлаб чиқаришни модернизация қилиш туфайли ички ва ташқи бозорда рақобатбардош маҳсулотлар турини кўпайтириш борасида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Бу йўналишда банклар фаол иштирок этмоқда, деб хабар берди ЎзА.
Бозор иқтисодиёти шароитига мослаша олмай банкрот бўлган Қувасой шаҳридаги «Қувасой парранда» аксиядорлик жамияти «Ипотека банк»нинг Фарғона филиали балансига ўтказилиб, унинг таъсисчилигида янги жамиятга асос солинди. 9,4 миллиард сўм инвестиция киритилиб, йирик истиқболли лойиҳа амалга оширилди. Замонавий технологиялар асосида 60 минг жўжа етиштириш, 100 минг парранда боқиш ва бройлер товуқ парваришлаш йўлга қўйилди. Натижада 100 дан зиёд янги иш ўрни яратилди.
Айни пайтда «Қувасой наслли парранда» масъулияти чекланган жамияти аҳолининг парҳез гўшт ва тухум маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини қоплашга муносиб ҳисса қўшмоқда.
– Банк кўмагида фаолиятимиз қайта тиклангани давлатимиз томонидан кўрсатилаётган юксак эътибор самарасидир, – дейди жамият директори Х. Абдулқосимов. – Гўшт ва тухум сақлашга ихтисослашган замонавий музлатгич камераси, омборхона ва бир қатор янги тармоқларнинг ишга туширилиши жамиятни соғломлаштиришда муҳим аҳамият касб этди. 2014-йилда 432 тонна парҳез гўшт ва 27 миллион дона тухум етказиб бериш режалаштирилган.
Изоҳ (0)