Россия таркибига кирувчи Чеченистон Республикаси пойтахти Грозний мэри вазифасини бажарувчи этиб Хас-Магомед Қодиров тайинланди, деб ёзади Meduza. Аввалроқ уни шаҳар мэри лавозимига Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров таклиф қилган эди.
BBC Russia маълумотларига кўра, Хас-Магомед Қодиров Рамзан Қодировнинг жияни ҳисобланади, «Кавказ.Реалии» нашри эса уни Чеченистон раҳбарининг укаси (четвероюродний брат) деб атаган. Уларнинг қариндошлиги расман тасдиқланмаган. Шу билан бирга, Рамзан Қодиров Хас-Магомед Қодировни кўп маротаба «укам» деб атаган.
Хабарларга кўра, Хас-Магомед Қодиров 30 ёшда. Бунгача у Чеченистон раҳбари ёрдамчиси бўлиб ишлаган, ИИВнинг Грозний бошқармасида ишлаган, Аргун шаҳар мэри лавозимини эгаллаган. 2020 йилда Чеченистон раҳбари ва ҳукумати маъмурияти раҳбари этиб тайинланган.
2018 йилда BBC Russia Чеченистондаги 158 нафар йирик мансабдорнинг 30 фоизи — Қодировнинг қариндошлари, 23 фоизи — ҳамқишлоқлари ва яна 12 фоизи — дўстлари ва уларнинг қариндошлари эканлигини ҳисоблаб чиққан эди.
2020 йилда Қодиров раҳбарлик лавозимларига номзодларни танлаб олишда уларнинг отасига нисбатан қариндошлик даражаси ҳам ҳисобга олинишини тан олган эди. Шу билан бирга, Чеченистон раҳбари республиканинг ҳукумат тузилмаларида қариндошлари камлигини айтган.
2020 йилнинг сентябрида Қодиров ўзининг 21 ёшли қизи Айшатни республика маданият вазирининг биринчи ўринбосари этиб тайинлаганди. Декабрда эса унинг 20 ёшли қизи Хадижат Қодирова Грознийда мактабгача таълим бошқармаси бошлиғи бўлди.
Шунингдек, Чеченистон шаҳар ва қишлоқларида жами 346 та кўчага республика раҳбари Рамзан Қодировнинг номи берилгани маълум бўлган эди.
Мавзуга доир:
- Туркиялик ошпаз-мем Бурак Ўздемир Чеченистон раҳбари Рамзан Қодировнинг устига қайноқ овқатни қуйиб юборишига бир бахя қолди (видео)
- Чеченистонда ҳам ниқоб тақмай юришга рухсат берилди ва республика ҳудудига кириш очиб қўйилди
- Турк актёри Бурак Ўзчивит Чеченистон раҳбари Рамзан Қодировнинг меҳмони бўлди (видео)
- Рамзан Қодировнинг Чеченистонда раҳбарлик лавозимларида ишлайдиган ва декларация тўлдирмаган қариндошлари Москвадаги кошоналарга эгалик қилади
- Чеченистонда Рамзан Қодировнинг «қатъий қаршилиги»га қарамай, Рамзан Қодиров номли масжид қуриладиган бўлди
- Чеченистонда Қодиров ва унинг қариндошлари шарафига номланган 346 та кўча борлиги аниқланди