Февраль ойи охирида Da Vinci Capital сармоядорлари Павел Дуровга Telegram Open Network (TON) Inc ва Telegram Inc компанияларига қарши даъво очиш нияти ҳақида билдиришнома хати юборди. Бу ҳақда Forbes нашрига таяниб Meduza хабар берди.
Билдиришнома, шунингдек, Telegram вице-президенти Илья Перекопский ва TON компаниясининг бошқа юқори иш бошқарувчилари ва адвокатларига юборилди.
Forbes маълумотларига кўра, инвесторлар TON блокчейн платформасининг муваффақиятсиз лойиҳаси учун 100 миллион доллар миқдорида товон пули талаб қилмоқда. Агар компенсация рад этилса, инвесторлар икки ҳафта ичида Лондон судига мурожаат қилади. Telegram’нинг юқори раҳбариятига яқин бўлган яна иккита манба компания ушбу хатни олганини тасдиқлади, аммо даъволар миқдорини 20 миллион доллар деб айтди.
Мазкур манбаларда айтилишича, компанияга хат Da Vinci Capital’га қарашли Disruptive Era Fund (DEF) томонидан юборилган. Унга кўра, жамғарма 20 миллион доллар тўлашни таклиф қилмоқда, бу DEF томонидан дастлаб киритилган ва қайтарилган сумма ўртасидаги фарқни ташкил қилади.
Жамғарма эгаларидан бири ва Da Vinci Capital компаниясининг бошқарувчи ҳамкори Олег Железко журналистларга изоҳ беришдан бош тортди. Telegram вице-президенти Илья Перекопский ҳам саволларга жавоб бермади.
Disruptive Era Fund — TON лойиҳасининг энг йирик сармоядорларидан бири. Жамғарма Telegram билан 72,1 миллион долларлик токенларни сотиб олиш тўғрисида шартнома тузган ва 2018 йилда компаниянинг ҳисоб рақамларига 45,4 миллион доллар ўтказган.
VTimes нашри маълумотларига кўра, 30 апрелга қадар Telegram компаниялари гуруҳи TON блокчейн платформаси инвесторларига деярли 626 миллион доллар қайтариши керак. Бу ҳақда гуруҳнинг 2018–2020 йилларга мўлжалланган молиявий ҳисоботида кўрсатилган.
«Коммерсантъ» нашрининг ёзишича, қарзни қоплаш учун Telegram чекланган миқдордаги сармоядорлар орасида беш йиллик муддатга облигациялар жойлаштириш орқали миллиард доллар йиғишни мўлжалламоқда.