Хитой коронавирус пандемиясининг салбий оқибатларини бартараф қилган бўлиши мумкин, аммо мамлакатда туғилиш даражасининг пасайиши иқтисодий ўсиш истиқболларига хавф солади. Бу ҳақда The Wall Street Journal нашрига таяниб, «Интерфакс» хабар берди.
COVID-19’нинг олдини олиш бўйича самарали чоралар ва ҳукуматнинг улкан инвестициялари ёрдамида қисқа муддатда Хитой иқтисодиёти етарлича куч тўплади. 2021 йил бошида баъзи иқтисодчилар Хитой иқтисодиётининг Қўшма Штатларни ортда қолдириб, кутилганидан бир неча йил олдин — 2028 йилга келиб дунёдаги энг йирик иқтисодиётга айланиши мумкинлигини тахмин қилган.
Бироқ гап демографик масала ҳақида кетганда дунёдаги энг кўп аҳоли истиқомат қиладиган Хитой давлати устунликни қўлдан беради, деб таъкидлайди WSJ. Газетанинг ёзишича, Хитойда болаларнинг туғилиши жиддий очарчилик юз берган 1961 йилдан буён ўтган ҳар қайси йилга қараганда 2020 йилда камроқ бўлгани ҳақида баъзи далиллар мавжуд.
Февраль ойида Cапитал Economicс нашри томонидан эълон қилинган ҳисоботда туғилиш даражасининг пасайиши ва ишчи кучининг қисқариши Хитойни АҚШ иқтисодиётидан доимий равишда устун бўлиб қолишига тўсқинлик қилиши маълум қилинди ва агар шундай бўлса, АҚШ иммиграция туфайли янги ишчилар оқимини таъминлаб, яна биринчи ўринга чиқади.
Хитойда ишчи кучининг камайиши йилига 0,5 фоиздан кўпроқни ташкил этиши кутилмоқда, дейилади Cапитал Economicс ҳисоботида. Шу билан бирга, Хитой билан таққослаганда иммиграциянинг унумдорлиги юқори бўлиши сабабли АҚШ келгуси 30 йил ичида ишчилар сонини кўпайтириши кутилмоқда.
WSJ томонидан ўтказилган сўровда қатнашган демограф ва иқтисодчиларнинг умумий прогнози 2020 йилда Хитойда туғилиш 2019 йилга нисбатан 15 фоизга камайган, дейилса, энг консерватив ҳисоб-китобларда ушбу кўрсаткич 10 фоизга камайган деб олинади. 2019 йилда мамлакатда 14,65 миллион бола туғилган эди.
«Хитойда туғилиш даражасининг пастлиги ҳақиқатан долзарб муаммо бўлиб қолаверади», — дейди Чапел Ҳиллдаги Шимолий Каролина университети социологи Зай Ёнг.
Хитой ҳукумати ишлаб чиқаришни автоматлаштириш ишчилар сонининг камайиши оқибатларини қисман бартараф этишини айтди. Бироқ Броокингс институти иқтисодчиси Дэвид Доллар бу тахминга шубҳа билан қарамоқда. «Автоматлаштиришдаги асл ўзгаришларни ишчи кучини қисқартириш билан мувофиқлаштириш қийин бўлади», — дея унинг сўзларини келтиради WSJ.
Маълумот учун, 1979 йилдан 2016 йилгача Хитой «бир оила — бир бола» сиёсатини олиб борди. Бунинг салбий оқибатларидан бири сифатида меҳнатга лаёқатли аҳолининг қисқариши юзага келди. Энди мамлакатдаги исталган оила иккита фарзандли бўлиши мумкин.