2020 йил 11 ноябрь куни жиноят ишлари бўйича Андижон вилоят суди биносида қийноққа солинган ва касалхонада вафот этган фуқарога алоқадор иш бўйича очиқ суд бошланди. Бу ҳақда Олий суд ахборот хизмати хабар қилган.
Хабарга кўра, судланувчилар Д.Ҳамралиев (1994 йилда Андижон вилоятида туғилган, Андижон шаҳар ИИО ФМБ 4-сонли ИИБ ЖҚГ тезкор вакили лавозимида ишлаган), Қ.Қодиров (1992 йилда Андижон вилоятида туғилган, Андижон шаҳар ИИО ФМБ 4-сонли ИИБ ЖҚГ тезкор вакили лавозимида ишлаган), Э.Райимжонов (1990 йилда Андижон вилоятида туғилган, Андижон шаҳар ИИО ФМБ 4-сонли ИИБ ЖҚГ тезкор вакили лавозимида ишлаган), Ф.Ҳусанбоев (1995 йилда Андижон вилоятида туғилган, Андижон шаҳар ИИО ФМБ 4-сонли ИИБ ЖҚГ тезкор вакили лавозимида ишлаган), П.Мамажонов (1983 йилда Андижон вилоятида туғилган, Андижон шаҳар ИИО ФМБ 4-сонли ИИБ бўлими бошлиғи лавозимида ишлаган), А.Тўрақуловга (1983 йилда Андижон вилоятида туғилган, Андижон шаҳар ИИО ФМБ 4-сонли ИИБ навбатчилик қисми навбатчиси вазифасида ишлаган) нисбатан жиноят иши кўриб чиқилмоқда.
Ушбу жиноят иши Олий суд судьяси О.Арабов раислигида ҳамда судьялар З.Файзиев ва Ш.Ражабовдан иборат суд таркибида кўрилмоқда.
Судланувчилар Д.Ҳамралиев, Қ.Қодиров, Э.Райимжонов, Ф.Ҳусанбоев, П.Мамажонов Жиноят кодексининг 104-моддаси (қасддан баданга оғир шикаст етказиш) 3-қисми «д» банди, 206-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш) 1-қисми, 227-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкаларни, автомототранспорт воситаларининг ва улар тиркамаларининг (ярим тиркамаларининг) давлат рақам белгиларини эгаллаш, нобуд қилиш, уларга шикаст етказиш ёки уларни яшириш) 2-қисми «б» банди, 234-моддаси (қонунга хилоф равишда ушлаб туриш ёки ҳибсга олиш) 1-қисми ва 235-моддаси (қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматини камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш) 3-қисмида, А. Тўрақулов Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 206-моддаси 1-қисми, 234-моддаси 1-қисми ва 227-моддаси 2-қисми «б» бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 2020 йил 13 июнда Андижонда қийноққа солинган фуқаро вафоти сабаб 3 нафар ИИБ ходими ҳибсга олинган, воқеа 30 майда Андижон шаҳар Салоҳият кўчасида яшовчи фуқаро А.А. тан жароҳатлари билан касалхонага олиб келинишидан бошланган. Фуқаро 11 июнда вафот этган. 14 июнь куни Андижон вилояти Андижон шаҳар бўйича ички ишлар органлари (ИИО) фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси (ФМБ) бошлиғи подполковник Содиқ Усмонов мазкур воқеа сабаб ишдан олинди. Кейинроқ ИИБда беш киши ишдан олингани ва 19 киши жазолангани маълум қилинди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ Андижонда фуқаронинг ИИБ томонидан қийноққа солинганини қатъий қоралади. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари, «Адолат» СДП сиёсий кенгаши раиси Наримон Умаров бир фуқарони қийноққа солиб, унинг ўлимига сабаб бўлган Андижон шаҳар ИИБ ходимлари ҳаракатига муносабат билдириб, Андижон шаҳар ИИБ ходимларининг ноўрин муносабати асносида касб шаъни оёқости қилингани, бир инсон энг олий ҳуқуқи бўлган яшаш неъматидан мосуво бўлгани, шу билан бирга, мамлакат раҳбарияти ва аҳоли томонидан давлатнинг халқаро имижини яхшилаш учун қилинаётган кўп сонли ҳаракатларга путур етганини таъкидлади.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Қодир Жўраев ушбу вазият бўйича фикр-мулоҳазаларини билдириб, ИИВ раҳбарияти марҳум йигитнинг оиласидан лоақал бир оғиз кечирим сўраб қўйиши кераклигини айтган.
Кейинчалик, Халқаро пресс-клуб сессиясида Ички ишлар вазири матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов Андижонда қийноққа солинган фуқаро вафоти сабаб узр сўради. Бош прокуратура ИИБ ходимлари нима учун фуқарони қийноққа солганини маълум қилди.
Июль ойида Андижон шаҳрида фуқаронинг қийноққа солиниши сабаб ишдан олинган ИИО ФМБ бошлиғи ўрнига янги раҳбар тайинланган.