Ўзбекистонда фуқаролар гигиенага риоя этса, ниқоб тақиб, ижтимоий масофа сақласа, карантин кучайтирилмайди. Бу ҳақда Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Барно Абдусаматова 11 ноябрь куни АОКАда бўлиб ўтган брифингда маълум қилди.
«Агарда биз барча санитария-гигиена қоидаларига риоя қилсак, яъни қўлни совун билан тез-тез ювиш ва антисептик воситалар билан зарарлантирсак, тиббий ниқоблардан тўғри фойдалансак ва ижтимоий масофани сақласак, карантин қоидаларини кучайтиришга ҳожат қолмайди», — деган Барно Абдусаматова.
Унинг айтишича, дунё тажрибасида ҳар қандай чекловдан кўра одамлар орасидаги карантин маданияти коронавируснинг олдини олишда самаралироқ бўлиб қолаётгани кўринмоқда. Бундан кейин ҳар бир инсон пандемия шароитида яшашга, меҳнат қилишга ўрганиши, унга мослашиши керак.
«Карантин қоидалари юмшатилгани одамларни хотиржамликка эмас, аксинча сергакликка чорлаши керак. Чунки энди уйда, ишда, кўчада, бозорда бошқа одамлар билан кўпроқ юзма-юз бўлишади. Коронавирус инфекцияси эса ўта контагиозлиги билан хавфли. У жуда тез тарқалади ва агрессив. Дунё бўйлаб кундан кунга касалланган ва вафот этганлар сони ортиб бормоқда», — деб таъкидлаган Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси.
Аввалроқ Барно Абдусаматова коронавируснинг болаларда катталарга нисбатан енгил кечишининг тахминий сабабларини айтганди.