Пхенян Вашингтон билан музокаралар ўтказиш ниятида эмас. Бу ҳақда КХДР ТИВнинг АҚШ ишлари бўйича департаменти раҳбари Квон Чжон Гинга таяниб, Корея марказий телеграф агентлиги хабар берди.
«Қўшма Штатлар билан бир стол атрофида учрашиш ниятимиз йўқлигини яна бир бор таъкидлаймиз», — дейилади ТИВ хабарида.
Квон Чжон Гиннинг қайд этишича, Шимолий Корея Ташқи ишлар вазирлиги аввалроқ АҚШ—КХДР саммити борасидаги «бевақт» миш-мишларга нисбатан «ўз позициясини аниқ тушунтириб ўтган».
Шимолий Корея Ташқи ишлар вазирлиги вакили ўзининг баёнотини «доим КХДР ва АҚШ музокаралари ўртасида воситачилик қилиш борасидаги ҳаракатларининг ўзгаришсиз қолаётганини баланд овозда ошкор қилаётган» Жанубий Кореяга нисбатан йўллаган. Унинг қўшимча қилишича, бу каби ҳаракатлар Кореялараро муносабатларга салбий таъсир кўрсатади.
Аввалроқ АҚШ президенти Дональд Трамп КХДРга нисбатан санкцияларни яна бир йилга узайтирган, Ким Чен Ин эса Жанубий Кореяга қарши ҳарбий ҳаракатлар режасини тўхтатиб туришга қарор қилган эди.
Эслатиб ўтамиз, Шимолий ва Жанубий Корея муносабатлари июнь ойининг бошларида ёмонлашди. 14 июнь куни Жанубий Корея ҳукумати Шимолий Корея билан боғлиқ ҳар қандай вазият юзасидан жавоб беришга тайёрлигини таъкидлаб, КХДРни икки мамлакат ўртасидаги ҳарбий битим бўйича келишувларини амалга оширишга чақирди. 16 июнь куни эса Шимолий Корея ҳарбийлари Кесон шаҳрида жойлашган Кореялараро алоқа офисини портлатиб юборди.