Исроил ҳукумати мамлакат Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тавсияларига биноан клублар, барлар, спорт ва маданий муассасаларни зудлик билан ёпишга қарор қилди. Бу ҳақда «Интерфакс» хабар берди.
Маълум қилинишича, Исроил Соғлиқни сақлаш вазирлиги синагогларни ёпишни ҳам тавсия қилган, бироқ мамлакат ички ишлар вазири Арье Дерининг таклифига кўра, синагоглар ибодат қилувчиларни қабул қилишда давом этади, бироқ бир вақтда 19 нафардан ортиқ кишининг ибодат қилиши мумкин эмас.
Мамлакат бош вазири Бинямин Нетаньяхунинг маълум қилишича, касалланганлар сони, жумладан, оғир касаллар сони кун сайин кескин ошмоқда. Айни пайтда 90 нафар беморнинг аҳволи оғир, уларнинг сони ҳар куни икки бараварга кўпаймоқда. Унинг қайд этишича, яқин ҳафталар ичида юзлаб ва минглаб оғир аҳволдаги беморлар келиб тушиши мумкин.
Миллий хавфсизлик кенгаши раҳбари Меҳр бин Шабботнинг маълум қилишича, мамлакат тўлиқ ёпилишдан бир қадам нарида турибди. Унинг қайд этишича, агар 6 июль куни ҳеч қандай қарор қабул қилинмаса, бир ҳафтадан кейин мамлакатни тўлиқ ёпиш масаласини муҳокама қилишга тўғри келади.
Мамлакат Соғлиқни сақлаш вазирлиги аввалроқ ҳукуматга ресторанларга 20 нафардан ортиқ ташриф буюрувчини қабул қилишга рухсат бермасликни, ўрта ва катта ёшли болалар учун болалар оромгоҳларини ёпишни, 50 кишидан ортиқ одам иштирокидаги банкетлар ўтказишни тақиқлашни тавсия қилган. Автобусларга кўпи билан 20 нафар йўловчи ташиш таклиф қилинмоқда, бунда автобус кондиционерлари ўчирилган ва деразалари очилган ҳолда ҳаракатланиши керак.
Шунингдек, вазирлик давлат муассасаларига ходимларнинг 30 фоизини масофадан ишлашга ўтказишни тавсия қилган.
Исроилда коронавирус тарқалиши тезлашаётгани ҳақида июнь ойида хабар қилинган. Унга қадар мамлакат босқичма-босқич очилаётганди, расмийлар ва шифокорлар эпидемияни тез енгди, деб ҳисобланаётганди. Апрель ойининг ўртасида мамлакатда 12 855 нафар бемор қайд этилганди ва 148 киши вафот этганди. 6 июль ҳолатига кўра, мамлакатда 30 162 нафар бемор қайд этилган, 332 киши касаллик қурбонига айланган. Айни пайтда 11 856 нафар бемор касалликдан даволанмоқда, 90 нафар бемор оғир аҳволда.
Исроил ҳукумати 25 июнь куни хорижликларнинг мамлакатга киришга қўйилган тақиқини 1 августгача чўзишга қарор қилган.