Испания ҳукумати коронавирус тарқалиши хавфи сабабли мамлакатдаги ўнлаб оммабоп пляжларни ёпди. Бу ҳақда «Интерфакс» хабар берди.
Хусусан, Андалусиядаги 50 дан ортиқ пляж ёпилган, улардан қарийб 30 таси Малагада жойлашган. Уларнинг кўпчилиги жорий ҳафтада қайтадан иш бошлаши кутилмоқда.
Маҳаллий расмийларнинг бундай чораларни қўллашига дам олиш кунларида пляжлар тўлиб кетгани ва одамлар у ерда ижтимоий масофани сақламагани сабаб бўлган.
Коронавирус билан боғлиқ вазият сабабли мамлакатнинг шимоли-ғарбидаги Галисия вилоятида яқинда бекор қилинган баъзи чекловлар қайта тикланган. Денгиз бўйида жойлашган туманлардан бирининг аҳолисига мамлакатнинг бошқа ҳудудларига бориш тақиқланган. Бундан ташқари, у ерда ниқоб тақиш мажбурий этиб белгиланган ва 10 кишидан ортиқ одамнинг тўпланиши тақиқланган. Бар ва ресторанлар ташриф буюрувчилар сонини 50 фоизга қисқартириши керак.Шунингдек, 4 июль куни Каталонияда ҳам чеклов чоралари жорий қилинган. Сегри ҳудудида 200 мингдан ортиқ одам карантинга олинган, уларнинг бошқа шаҳарга боришига рухсат этилмайди.
Янги касаллар сонининг ошиши фонида бу каби чоралар мамлакатда амалга киритилмоқда. Пандемия даврида Испанияда умумий ҳисобда тахминан 300 минг кишида коронавирус қайд этилган, 28 мингдан ортиқ бемор касаллик қурбонига айланган.