Самарқанд вилояти ҳудудидаги мактаб ва мактабгача таълим муассасалари жойлашган кўча ва ички йўлларда транспорт воситаларининг ҳаракат тезлиги соатига 30, 40 ва 50 километргача чекланди.
Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов томонидан 29 февраль, шанба куни, имзоланган қарор вилоят ҳудудидаги мактаб ва мактабгача таълим муассасалари олдида ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш, болалар иштирокидаги йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олишга қаратилган.
Қарорга кўра, вилоят ҳудудидаги 815 та мактаб ва мактабгача таълим муассаси яқинига 30 км/с, 40 км/с ёки 50 км/с тезликни чекловчи йўл белгилари ўрнатилади.
Бундан ташқари, вилоят ИИБ ЙХХБга 2020 йил якунига қадар вилоят ҳудудидаги мактаб ва мактабгача таълим муассасалари жойлашган кўчалар ҳамда ички хўжалик йўлларига автотранспорт воситаларининг ҳаракатини чекловчи йўл белгиларини ўрнатиш ҳамда тизимли назорат ўрнатиш топширилди.
Аввалроқ «Юксалиш» ҳаракати аҳоли яшаш пунктларида транспорт ҳаракати тезлигини 60 км/соатга пасайтиришни таклиф қилган эди.