Олий Мажлис Сенати Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитасининг 27 февраль, пайшанба куни, навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Бу ҳақда «Дарё» мухбири хабар бермоқда.
Йиғилишда сенаторлар ва вазирлик вакиллари томонидан Қонунчилик палатаси Кенгаши ҳамда Сенат Кенгашининг 2019 йил 14 сентябрдаги қўшма қарори билан тасдиқланган «Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларнинг ихчам ўтказилишини таъминлаш бўйича чора-тадбирлар дастури»га асосан тайёрланган қонун ҳам муҳокама қилинди.
Тадбирда қайд этилишича, тўй-маросимлар ўтказиш тартибини бузганлар билан маҳалла инспектори суҳбатлашади ва маъмурий баённома тузиб, уни маъмурий судга ҳавола этади. Жаримани ундириш бўйича суд қарори чиққач, белгиланган вақтда жарима тўлови амалга ошмаса, жараёнга бевосита МИБ ходимлари ҳам аралашади.
Журналистлар «Тўйхона, кафе ва ресторан эгалари маъмурий жавобгарликка тортилиши кўзда тутиляпти. Нима учун қонунда меҳмонхона, парклар, Регистон майдони каби қадимий обидалар қайд этилмаган? Ахир одамлар мана шундай жойларда ҳам тўй қиляпти ва бу келгусида ҳам давом этмаслигига ҳеч ким кафолат беролмайди-ку!», деган савол билан йиғилиш иштирокчиларига юзланди.
Ушбу саволга адлия вазири ўринбосари, Тошкент давлат юридик университети ректори Раҳим Ҳакимов шундай жавоб қайтарди:
«Қонунда меҳмонхона, парклар йўқлигининг сабаби — буларнинг ҳаммасида ресторан мавжуд. Ресторан меҳмонхона, паркка қарашли бўлади. Ресторансиз тўй бўлмайди. Меҳмонхонанинг ўзида озиқ-овқат бўлмаса, ҳеч қандай тўй ўтказолмайсиз. Шунинг учун бу ерда ҳеч қандай иккиланиш бўлиши мумкин эмас. Қайси меҳмонхонага бориб, тартибни бузсангиз, албатта, жавобгарликка тортиласиз. Чунки бу хизматлар ресторан орқали кўрсатилади».