Ўзбекистон Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастр қўмитаси мамлакатда жорий этиладиган янги шаклдаги кадастр ҳужжатининг намунасини тақдим этди. Янги шаклдаги кадастр ҳужжати NFC смарт чипи ўрнатилган пластик картадан иборат.
Қўмита томонидан маълум қилинишича, янги ҳужжат эски услубдаги кадастр паспортидаги барча маълумотларни ўз ичига олади, шунингдек, интерактив давлат хизматларининг ягона порталига уланиш имкониятига эга.
Шунингдек, ушбу технологиянинг афзалликларидан яна бири коммунал тўловларни янги кадастр картаси орқали тўлаш имконияти ҳисобланади. Бу тўловларни амалга ошириш жараёнини сезиларли даражада соддалаштиради ва коммунал инстанцияларнинг иш самарадорлигини оширади.
Маълум қилинишича, коммунал хизматларнинг мулк билан боғлиқлиги уларни ҳисоблаш ва тўлаш соҳасидаги ислоҳотларнинг ўсишини таъминлайди.
Вазирлар Маҳкамасининг «Кўчмас мулк объекти кадастр паспортининг янги намунасини босқичма-босқич жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида» қарорига кўра, пластик шаклда тайёрланадиган кўчмас мулк объекти кадастр паспортининг янги намунаси:
- Андижон, Наманган, Фарғона вилоятлари, шунингдек, Тошкент шаҳрида 2020 йил 1 мартдан бошлаб;
- Қорақалпоғистон Республикаси ва бошқа вилоятларда эса 2020—2022 йилларда босқичма-босқич жорий этилади.