«Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили» давлат дастури тўғрисидаги Президент фармонига мувофиқ, Ўзбекистонда давлат сири деб ҳисобланган маълумотлар рўйхати 2020 йил 1 сентябрга қадар қайта кўриб чиқилади ҳамда кейинчалик у махфийликдан чиқарилади.
Фармонга кўра, Вазирлар Маҳкамаси халқаро стандартларни инобатга олган ҳолда 2020 йил 1 сентябрга қадар давлат сири деб ҳисобланган маълумотлар рўйхатини қайта кўриб чиқиш ҳамда кейинчалик уни махфийликдан чиқариш чораларини кўради.
Қайд этилишича, бу ишлар илм ва маърифат, ахборот технологиялари, меҳнат муносабатлари ва тадбиркорликни ривожлантириш учун зарур бўлган ахборотларни олиш имконияти асоссиз равишда чекланишига йўл қўймаслик мақсадида амалга оширилади.
Қайд этиш жоизки, Ўзбекистонда маълумотларнинг давлат сирига тааллуқли бўлиши «Давлат сирларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонун билан тартибга солинади. Давлат сирлари давлат ва ҳарбий хизматга доир сирларга бўлинади.