Daryo

4 ёшда мактаб, парта устида ухлаш, қайиқдаги дарс: дунёнинг турли мамлакатларида болалар қандай ўқийди?

Болага яхши таълим бериш учун аслида нима муҳим — қатъий интизомми, эркинликми, тарбиями ёки амалий билим?

8 дақиқа ўқиш13 459 кўришлар0 изоҳ0




Дунёда таълимнинг ягона ва ҳамма учун бирдек мукаммал модели йўқ. Бир мамлакатда бола муваффақият калитини тинимсиз меҳнат ва юқори натижада кўрса, бошқасида унинг мустақиллиги ва руҳий хотиржамлиги биринчи ўринга қўйилади. Яна бир давлат эса мактабни нафақат билим берадиган, балки яхши инсонни тарбиялайдиган маскан деб ҳисоблайди.

Бу фарқлар бир саволни ўртага чиқаради: болага яхши таълим бериш учун аслида нима муҳим — қатъий интизомми, эркинликми, тарбиями ёки амалий билим?

Хитой: таълим энг муҳими

“Тирик эканмиз – ўрганамиз. Ўлгунимизча ўқиймиз” — хитойлик ўқувчининг шиорида муболаға йўқ. Хитойда олий ўқув юртига кириш ижтимоий зинапоядан кўтарилиш ва қашшоқликдан қутулишнинг деярли ягона имконияти, абитуриентлар ўртасидаги рақобат эса ниҳоятда юқори. Баъзи университетларда бир ўринга 200 нафаргача даъвогар тўғри келиши мумкин. Шу сабабли Хитой мактабларида эрталабдан кечгача қунт билан ўқиш ўзига хос қадриятга айланган. Ўқувчи тонгда, дарслар бошланишидан аввал уйда мустақил шуғулланади, сўнг мактабга боради, 16:00 дан кейин эса қўшимча машғулотларга йўл олади.

Кун давомида болаларнинг ҳар бири 40 дақиқадан иборат ўртача 7 та дарси бўлади. Дарслар орасида тушлик учун бир соатлик танаффус берилади. Айрим мактабларда бу вақтда ухлашга ҳам рухсат этилади, чунки ўқувчилар кўпинча катта юклама туфайли тунда яхши ухлаб ололмайди. Тушликдан кейинги ярим соатлик уйқу ҳам одат, ҳам физиологик эҳтиёждир.

Китайские школьники носят с собой подушки, чтобы поспать в перерыве между уроками.

Мактаб дастурини ўзлаштириб, юқори балл тўплашга улгуриш учун болалар материални чуқур таҳлил қилишга эътибор қаратмасдан, катта ҳажмларда ўрганадилар. Ёдлаш танқидий фикрлашни ривожлантиришни кўзда тутмайди, бироқ навбатдаги тестни муваффақиятли топшириш имконини беради. Хитойликларнинг ҳаётидаги асосий имтиҳон — олий ўқув юртига киришда топшириладиган “гаокао” — уларнинг мактаб дастурини қанчалик эслаб қолгани ва такрорлай олишини текширади. Бу борада ёд олиш қобилияти айниқса қўл келади.

Франция: мактабга диний либосда келиш мумкин эмас

Книга-монумент свободе слова в память о зарезанном чеченцем французском учителе Самюэле Пати в пригороде Парижа

Француз жамиятининг Конституцияда мустаҳкамланган асосий тамойилларидан бири лаïcитé тушунчаси бўлиб, у дунёвийлик (секуляризм) дея таржима қилинади. Бу тушунчага кўра, дин ва ижтимоий ҳаёт, айниқса, сиёсат ҳеч қандай тарзда бир-бирига аралашмаслиги керак. Бу динга қаршилик эмас — мамлакат аҳолиси исталган динга эркин эътиқод қилиши мумкин. Лекин бу — дин давлат ишларига ва жамоат тартибига таъсир ўтказмаслиги керак, деган бир неча асрлик эътиқоддир. Масалан, 2011-йилда Францияда жамоат жойларида юзни ёпиб юриш ноқонуний деб топилди. Бу қадам амалда мусулмон аёлларнинг паранжи ёки ниқоб кийишини тақиқлади.

Шунингдек, Францияда мактабларда диний либос кийиш ман этилган. Бу чора нафақат абая, камис, кипа ва ҳижоб кийиши мумкин бўлмаган мусулмон эркак ва аёлларга, балки бошқаларга ҳам тааллуқлидир. Жумладан, сикхларга мактабда салла ўраш, яҳудийларга киппа кийиш, насронийларга эса хоч тақиш тақиқланган. Қонун 2004-йилда қабул қилинган бўлса-да, ҳалигача баҳс-мунозараларга сабаб бўлмоқда ва мактабларда мунтазам равишда қоидабузарликлар қайд этилмоқда.

Ирландия: диний камситишдан кўп конфессиялилик сари

Франция ва Ирландия аҳолисининг аксарияти католик бўлган мамлакатлар бўлса-да, уларнинг мактаблардаги динга бўлган муносабати бир-биридан тубдан фарқ қилади. Ирландияда бошланғич мактабларнинг 93 фоизи католик мактабларидир. Яқин вақтгача улар католик бўлмаган ўқитувчиларни ишга ёлламаслик ҳамда бошқа дин вакиллари, айниқса, атеист болаларни ўқувчилар қаторига қабул қилмаслик ҳуқуқига эга эди. Кўплаб ота-оналар фарзандларига таълим бериш учунгина уларни чўқинтиришган. Ирландия фақат 2018-йилга келибгина католик бошланғич мактабларида диний асосда саралашни бекор қилиш тўғрисидаги қонунни қабул қилди. 2022-йилга келиб, қайд этилган чўқинтиришлар сонида сезиларли пасайиш кузатилди.

БМТнинг Бола ҳуқуқлари бўйича қўмитаси (CРC) ҳам Ирландияни “барча болаларнинг ўз дини ёки эътиқодига эркин амал қилиш ҳуқуқини кафолатлашга” ундаб, мамлакатдаги диний мактабларга ўз динига мансуб болаларга устунлик беришга йўл қўймасликка чақирди. Кўп конфессияли мактаблар – Ирландиядаги янги турдаги таълим муассасалари бўлиб, уларнинг мақсади плюрализмни илгари суришдир. Ҳозирча республикада 166 та (5%) кўп конфессияли бошланғич мактаб бор.

Бангладеш: қайиқдаги дарслар

Дети учатся в плавучей школе в сезон наводнений.

Бангладеш ҳудудининг 70 фоизи денгиз сатҳидан бир метрдан паст баландликда жойлашган. Мамлакат бир вақтнинг ўзида ҳам ёмғирлар мавсумидаги сув тошқинларидан, ҳам Ҳимолайдан келадиган ёғингарчиликдан азият чекади. Шу сабабли ҳар йили мамлакат умумий майдонининг бешдан бир қисмини сув босади.

Тошқинлар вақтида мактаблар ёпилишига тўғри келади, бунинг оқибатида миллионлаб болалар таълим олиш имкониятидан маҳрум бўлади. Шу боис Бангладеш ҳукумати инновацион ечимни жорий этишга мажбур бўлди: қайиқларда мактаблар ташкил этиш. Уларнинг аксарияти қуёш батареяларида ишлайди. Бундай сузувчи мактаблар шарофати билан болалар одатда ҳафталаб ва ойлаб давом этадиган экстремал об-ҳаво шароитида ҳам ўқув жараёнидан узилиб қолмайди.

Мактаб-қайиқлар ўқувчиларни қирғоқбўйи қишлоқларидан олиб кетади, сўнгги манзилга лангар ташлаб, бортда кичик гуруҳларда дарс ўтади. Машғулотлардан кейин қайиқлар ўқувчиларни уйларига олиб бориб қўяди ва кейинги гуруҳларни йиғади. Ҳар бир бундай мактаб 30 ўқувчига мўлжалланган синфхона, интернетга уланган ноутбук ва кутубхонага эга бўлиб, 4-синфгача бўлган бошланғич таълимни таъминлайди.

Япония: қандай қилиб яхши инсон бўлиш мумкин?

Япон мактабининг асосий мақсади – муносиб фуқаро етиштиришдир. Таълим йўналиши ва ўқувчининг ёшидан қатъи назар, ҳар бир таълим дастурига математика ва япон тили каби фанлар қаторида ахлоқий тарбия фани ҳам киритилган. Бу фан бутун ўқув жараёни давомида ўқитилади. 1–2-синфларда болаларга одоб-ахлоқнинг асосий қоидалари ўргатилса, 3–4-синфларда бу дастур “Кундалик ҳаётда ижтимоий хулқ-атвор меъёрларига риоя қилиш” деб номланади. 5–6-синф ўқувчилари жамиятга қандай фойда келтиришни ўрганадилар, ўрта мактабда эса “Муносиб ҳаёт кечириш зарурлигини англаш” номли блок жорий этилади. Япон ўқитувчилари орасида Япония Таълим, маданият, спорт, фан ва технологиялар вазирлиги томонидан нашр этиладиган Дотоку кёику (“Ахлоқий таълим”) журнали анча оммалашган. Журналда ахлоқни ўқитиш бўйича услубий ишланмалар ва тавсиялар чоп этиб борилади.

Япон мактаб ўқувчиларининг онгига одобли инсон фазилатлари сингдирилади ҳамда ахлоқнинг асосий тамойиллари – ҳамдардлик, меҳр-оқибат, ирода, бағрикенглик, адолат, ўз маданиятига муҳаббат ва ватанга садоқат ўргатилади. Шу билан бирга, меҳнатсеварлик, чидамлилик ва ижтимоий манфаатнинг ҳамма нарсадан устунлигига алоҳида урғу берилади.

Нидерландия: тўрт ёшда биринчи синфга

Школьники очень много времени проводят за компьютерами и в планшетах.

Нидерландияда болалар тўрт ёшга тўлган кунида мактабга боришади, шунинг учун йил давомида синфга доимо янги ўқувчилар қўшилиб туради. Бундай ёндашувдан мақсад — барча ўқувчилар бир хил ривожланиш даражасига етиб, дарсларни бошлашини таъминлашдир. Тўғри, ёши каттароқ ўқувчиларда, дейлик, йил охирида туғилганларга қараганда, синфга кўникиш ва дўстлар орттириш учун кўпроқ вақт бўлади. Шунга қарамай, голландиялик бола айнан тўртинчи туғилган кунида ўзининг биринчи синфига қадам қўйиши мумкин.

Беш ёшдан бошлаб болалар мактабга бориши шарт бўлиб қолади. Ва бу жуда ёқимли мажбурият — UNICEF тадқиқотларига кўра, Нидерландия Қироллиги ўқувчилари дунёдаги энг бахтли болалардир. Голландиялик ўқувчиларнинг бахтли эканликлари сабаби шундаки, бу ерда болаларнинг мустақиллиги ва эркинлигига катта ҳурмат билан қаралади. Мамлакат мактаб тизими бошқа давлатларникига қараганда натижадорликка камроқ йўналтирилган: болаларга танлаш имконияти берилади, вақтларини ўйнаб, ижтимоий кўникмаларни ривожлантириб ва ўз устуворликларини белгилаб ўтказишларига рухсат этилади. Айни пайтда Нидерландияда болалар ёмон ўқимайди — мамлакат таълим даражаси бўйича дунёнинг етакчи ўнта давлати қаторига киради.

Сингапур: ёш ва самарали мактаб таълими тизими

Сингапур халқаро таълим рейтингларида бир неча бор етакчи ўринларни эгаллаган. Муваффақият калитларидан бири — таълимга ўйин усулида ёндашишдир.

Сингапурлик болалар сонлар билан амаллар бажаришдан олдин қоғоз ёки доскада мева, ширинлик ёхуд ўқувчилар акс этган суратларни чизади, чизиқли ва блокли диаграммалар билан ишлайди. Ҳар бир ҳисоб-китоб, хоҳ у қўшиш, бўлиш ёки каср бўлсин, математик тилга ўтказилишидан аввал аниқ бир ҳаётий мисол орқали тушунтирилади. Болалар 6-синфгача нафақат мисол ва тенгламаларни, балки ҳаётий муаммоларни ҳам тизимлаштириш ва моделлаштиришни ўрганади, чунки улар ёшлигиданоқ математиканинг амалий аҳамиятини тушуниб етади. Ўйин усулларидан бошқа фанларда ҳам фойдаланилади: масалан, электр энергияси принципларини яхшироқ тушуниш учун ўқувчилар робот ясайди. Бироқ таълимнинг ҳар бир босқичи қатъий тестлар билан бирга олиб борилади ва бу ўқувчиларни PSLE (Primary School Leaving Examination) — бошланғич мактабни битириш имтиҳонига босқичма-босқич тайёрлайди.

Ўрта мактабда болалар яна 4–5 йил, яъни тахминан 17 ёшгача таълим олади. Бу даврда улар 5 та асосий фанни (инглиз тили ва қўшимча тил, математика, битта гуманитар ва битта табиий фан) чуқур ўрганади, шунингдек, 5 тадан 10 тагача қўшимча фан танлайди.

Сингапурда баҳолар юз баллик тизимда қўйилади. Бу мамлакатда ўқитувчилар ўқувчиларнинг ўзлаштиришини очиқ муҳокама қилмайди, шу сабабли ўқувчилар синфдошларининг баҳоларини билмайди.

Ҳар семестр охиридаги тестлар натижаларига кўра тўпланган баллар report card (ўзлаштириш табели) деб аталадиган ҳужжатга киритиб борилади. Шунингдек, ўқитувчи кундаликка ўқувчи ҳақида қисқача тавсифнома ёзади. Масалан, у одамлар билан яхши тил топишади, инглиз ёки хитой тилида эркин сўзлашади, дарсларда жавоб беради, аммо математикада қийинчиликлари бор.

Ўзбекистон-чи?

Ўзбекистон таълим тизимининг ўзига хос жиҳатларидан бири — академик билим билан бир қаторда тарбияга ҳам катта аҳамият берилишидир. Мактабларда ўқувчиларга нафақат фанларни ўзлаштириш, балки Ватанга муҳаббат, катталарга ҳурмат, жамоада ўзини тутиш каби қадриятлар ҳам сингдирилади. Шу жиҳатдан Ўзбекистон мактабларидаги ёндашувни Япониядаги ахлоқий тарбия анъаналарига маълум даражада қиёслаш мумкин.

Бироқ таълим тизимида муаммолар ҳам йўқ эмас. Ҳудудлар ўртасидаги таълим сифати тафовути, айрим мактабларда ўқувчи ва ўқитувчилар сонининг кўплиги, замонавий таълим методларини барча ҳудудларда бир хил даражада жорий этиш масаласи ҳамон долзарб. Бундан ташқари, ўқувчини фақат тест ва имтиҳон натижаларига қараб баҳолашдан кўра, унинг мустақил фикрлаши, муаммони ҳал қила олиши, ижодкорлиги ва амалий кўникмаларини ривожлантириш тобора муҳимлашиб бормоқда.

Дунёнинг турли мамлакатларидаги таълим тизимларига назар ташлар эканмиз, уларнинг ҳеч бирини мутлақ идеал деб бўлмайди. Ҳар бир модел жамиятнинг эҳтиёжлари, маданияти ва тарихий шароитидан келиб чиққан. Шунга қарамай, уларнинг ҳар биридан таълим сифатини ошириш учун фойдали жиҳатларни топиш мумкин.

Шундай экан, Ўзбекистон учун энг мақбул йўл бошқа бир давлатнинг таълим тизимини тўлиқ кўчириб олиш эмас. Аксинча, турли мамлакатларнинг энг самарали жиҳатларини бирлаштириш керак: Хитойдан — интизом ва меҳнатсеварликни, Япониядан — тарбияни, Нидерландиядан — ўқувчи мустақиллигини, Сингапурдан — амалий ва тизимли фикрлашни, Бангладешдан эса шароитга мослашувчанликни ўрганиш мумкин.

Бунинг учун эса таълимда асосий саволни ўзгартириш керак: “Ўқувчи қанча маълумот ёд олди?” эмас, “У олган билимини қанчалик тушунди ва ҳаётда қўллай олади?” деган савол муҳимроқ бўлиши лозим.

Toshkent viloyati Yangiyo‘l tumanida tug‘ilganman. Hozirda Alisher Navoiy nomidagi davlat Adabiyot muzeyida tayanch doktorantura (PhD)da o‘qiyman. “Daryo”da 2018-yildan beri musahhih va muxbir lavozimida ishlayman. Sevib o‘qiydigan kitoblarim juda ham ko‘p: Nodar Dumbadze “Abadiyat qonuni”, Harper Li “Mazaxchining o‘ldirilishi”, Gabriel Garsia Markes “Yolg‘izlikning yuz yili”, Chingiz Aytmatov “Kassandra tamg‘asi”, Mixail Bulgakov “Usta va Margarita”, O‘tkir Hoshimov “Ikki eshik orasi”, Ulug‘bek Hamdam “Sabo va Samandar”... Sevimli filmlarim ham turli janrda: DiKaprio ishtirokidagi “Ibtido” va “La’natlanganlar oroli”, “Shoushenkdan qochish”, “Yo‘-yo‘l pijamali bolakay”, “Ameli”, “Qotillikni xotirlab”. Bundan tashqari, Hayao Miyazakining animelari jon-u dilim.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар