Монаш университети олимлари ўртача ёши 61 ёш бўлган 1771 нафар кўнгиллининг маълумотларини таҳлил қилди. Иштирокчилар овқатланиш тартиби ҳақида маълумот бериб, хотира, ахборотни қайта ишлаш тезлиги ва мантиқий фикрлаш бўйича тестлардан ўтди. Шунингдек, олимлар МРТ ёрдамида мия ва гипокамп ҳажмини баҳолади ҳамда қонда асаб тизими ва қон томирлари саломатлиги билан боғлиқ оқсилларни ўлчади.
Аввал инсультни бошдан кечирмаган 1742 нафар иштирокчининг маълумотлари таҳлил қилинганда, ёнғоқни кўпроқ истеъмол қилиш умумий когнитив кўрсаткичларнинг яхшироқ бўлиши билан боғлиқ экани аниқланди. Бу боғлиқлик, айниқса, овқатланиш сифати паст ва жисмоний фаоллиги кам бўлган одамларда яққолроқ кузатилган. Жисмоний фаол иштирокчиларда эса ёнғоқни кўпроқ истеъмол қилиш миянинг умумий ҳажми каттароқ бўлиши билан боғлиқ бўлган.

Инсультни бошдан кечирган одамларда эса ёнғоқ истеъмоли хотира ёки тафаккур билан бевосита боғлиқ бўлмаган. Бироқ уларнинг қонида ВЕГФ даражаси юқорироқ экани кузатилган. Олимларнинг тушунтиришича, ушбу оқсил янги қон томирлари ҳосил бўлишида иштирок этади ва шикастланган тўқималарнинг тикланишига ёрдам бериши мумкин.
Тадқиқотчилар ёнғоқ таркибидаги фойдали ёғлар, витаминлар ва минераллар мия саломатлигини қўллаб-қувватлаши мумкинлигини тахмин қилмоқда. Бироқ тадқиқот ёнғоқ когнитив функцияларни бевосита яхшилаши ёки умуман инсультнинг олдини олишини исботламайди.








