Daryo

Жанубий Корея барча фуқароларига СИдан бепул фойдаланиш имконини беради

Ҳукумат маҳаллий СИ моделларини ривожлантириш ва АҚШ ҳамда Хитой технологияларига қарамликни камайтиришни мақсад қилган.

2 дақиқа ўқиш2 578 кўришлар0 изоҳ0

Жанубий Корея “Барчага сунъий интеллект” давлат дастури доирасида барча фуқароларга генератив сунъий интеллект хизматларидан бепул фойдаланиш имконини бермоқчи.

The Wall Street Journal нашрининг ёзишича, дастур иштирокчиларига токенлар бўйича чекловларсиз, яъни амалда чексиз миқдорда СИ хизматларидан фойдаланиш имконияти тақдим этилади.

Ҳукуматнинг асосий мақсади — маҳаллий сунъий интеллект моделларидан фойдаланишни кенгайтириш ва мамлакатнинг АҚШ ҳамда Хитой технологияларига қарамлигини камайтириш.

СИ давлат хизматларига интеграция қилинади

Дастур доирасида сунъий интеллект давлат хизматларига ҳам кенг жорий этилади. Фуқаролар СИ ёрдамида шифокор қабулига ёзилиши, уй-жой излаш бўйича маслаҳат олиши ёки солиқлар юзасидан маълумотга эга бўлиши мумкин.

Кичик бизнес вакилларига солиқларни ҳисоблаш ва давлат кўмагидан фойдаланиш ҳуқуқини аниқлашда ёрдам берадиган воситалар тақдим этилади. Ота-оналар эса фарзандларининг таълими бўйича СИ тавсияларидан фойдаланиши мумкин бўлади.

Хизматларни Жанубий Кореянинг учта технологик консорсиуми тақдим этади. Улар мамлакатнинг иккита йирик телекоммуникация компанияси ҳамда Какао компаниясини ўз ичига олади. Ҳар бир консорсиум алоҳида СИ иловасини ишлаб чиқади ва технологияни ўзининг мавжуд платформаларига ҳам интеграция қилади.

Давлат СИ инфратузилмасини ҳам молиялаштиради

Ҳукумат лойиҳада иштирок этувчи компанияларга зарур ҳисоблаш қувватларини ҳам тақдим этади. Консорсиумларга 512 тагача Nvidia B200 тезлаткичлари ажратилади, шунингдек, уларнинг операцион харажатларини қоплашга ёрдам берилади.

Дастурнинг бета-тестлари сентябрь ойида бошланиши, тўлиқ ишга туширилиши эса 2026 йил охирига режалаштирилган.

Жанубий Корея президенти Ли Же Мёнг маъмурияти 2026 йилда сунъий интеллектни ривожлантириш учун қарийб 10 триллион вон, яъни тахминан 7,2 миллиард доллар ажратган. Бу аввалги йилга нисбатан қарийб уч баравар кўп.

Жанубий Кореяда СИга талаб юқори

Мамлакатда бундай дастурни амалга ошириш учун СИ хизматларига талаб ҳам юқори. Ҳукумат ҳисоб-китобларига кўра, Жанубий Корея аҳолисининг қарийб чорак қисми генератив сунъий интеллект хизматлари учун аллақачон пул тўлайди.

АҚШда эса бу кўрсаткич атиги 2 фоизни ташкил этади. Шу билан бирга, 20 миллиондан ортиқ америкалик нейротармоқларнинг бепул версияларидан фойдаланади.

Шу сабабли Жанубий Корея ҳукумати маҳаллий СИ хизматларини ривожлантиришга катта эътибор қаратмоқда. Дастур нафақат сунъий интеллект соҳасида етакчи давлатларга етиб олиш, балки мамлакатнинг технологик мустақиллигини мустаҳкамлашга ҳам қаратилган.

Яъни келажакда Жанубий Корея фуқароларининг кундалик ҳаётда фойдаланадиган СИ хизматлари хорижий платформаларга эмас, миллий моделлар ва маҳаллий инфратузилмага таяниши кўзда тутилмоқда.

Toshkent viloyati Yangiyo‘l tumanida tug‘ilganman. Hozirda Alisher Navoiy nomidagi davlat Adabiyot muzeyida tayanch doktorantura (PhD)da o‘qiyman. “Daryo”da 2018-yildan beri musahhih va muxbir lavozimida ishlayman. Sevib o‘qiydigan kitoblarim juda ham ko‘p: Nodar Dumbadze “Abadiyat qonuni”, Harper Li “Mazaxchining o‘ldirilishi”, Gabriel Garsia Markes “Yolg‘izlikning yuz yili”, Chingiz Aytmatov “Kassandra tamg‘asi”, Mixail Bulgakov “Usta va Margarita”, O‘tkir Hoshimov “Ikki eshik orasi”, Ulug‘bek Hamdam “Sabo va Samandar”... Sevimli filmlarim ham turli janrda: DiKaprio ishtirokidagi “Ibtido” va “La’natlanganlar oroli”, “Shoushenkdan qochish”, “Yo‘-yo‘l pijamali bolakay”, “Ameli”, “Qotillikni xotirlab”. Bundan tashqari, Hayao Miyazakining animelari jon-u dilim.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар