Daryo

Турк сериалларининг севимли актрисаси Неслиҳан Атагулнинг энг яхши 8 та роли

Актрисанинг ҳар бир роли табиий кўринади ва томошабинларни шунчаки сериал ёки фильм кўраётганига эмас, балки реал инсон ҳаётини кузатаётганига ишонтиради.

6 дақиқа ўқиш44 201 кўришлар0 изоҳ0

Турк актрисаси Неслиҳан Атагул асосан драмаларда рол ижро этган. Афтидан, продюсерлар унинг ғамгин кўзлари оғир тақдирли қаҳрамонлар образини гавдалантириш учун айни муддао деб ҳисоблашади.

Дарҳақиқат, Неслиҳан Атагулнинг экрандаги ҳар бир чиқиши табиий кўринади ва томошабинларни шунчаки сериал ёки фильм кўраётганига эмас, балки реал инсон ҳаётини кузатаётганига ишонтиради. Узоқ вақтдан буён экранларда кўринмаётган, актриса 2026-йилнинг кузида телевидениега янги рол билан қайтмоқда.

“Хазонрезги 16+”

  • Асл номи: Япрак Дўкüмü
  • Йиллар: 2006–2010
  • Жанр: драма
  • Актёрлар: Ҳалил Эргüн, Гüвен Ҳокна, Бенну Йıлдıрıмлар

Фильмда кичик бир шаҳарчада яшаб, сўнг Истанбулга кўчиб ўтган Текинлар оиласи ҳаёти ҳақида ҳикоя қилади. Оила бошлиғи ҳамма унинг қоидаларига риоя этиши ва ахлоқий меъёрларга амал қилишига ўрганиб қолган, бироқ янги жой ва янги шароитлар тартибни ўзгартириб, ҳар бир кишини синовдан ўтишга мажбур қилади.

Неслиҳан Атагул 2008-йилда сериал ижодий жамоасига қўшилган ва 2009-йилгача Дениз исмли қиз ролини ижро этган. Унинг учун бу экрандаги чиқиш катта кино оламига қўйган илк қадами бўлди. Айнан ўшанда турк сериаллари мухлислари бу актриса билан илк бор танишган эдилар.

“Юрагим сени танлади”

  • Асл номи: Калбим Сени Сеçти
  • Йиллар: 2011–2012
  • Жанр: драма
  • Ролларда: Сермиян Мидят, Эбру Жундубеёғлу, Неслиҳан Атагул (Мелис роли)

Бош қаҳрамон Каан бадавлат оилада туғилиб ўсган. Кунлардан бир кун у мафтункор бир қизни севиб қолади, бироқ унинг қалбини забт этиш осон бўлмайди, зеро қизнинг кўнглига даъвогарлар орасида у ягона эмасди.

Каан ўзига рақиб, ҳатто душман деб билган инсон ўзи борлигидан бехабар бўлган укаси эканлиги маълум бўлгач, вазият янада чигаллашади.

Неслиҳан Атагюл Мелис исмли иккинчи даражали қаҳрамон образини гавдалантирган. “Юрагим сени танлади” сериалидаги роли актрисанинг продюсерлар назарига тушиши ҳамда ўзининг тажриба орттириб, машҳур ҳамкасблари билан бирга ишлаши учун яна бир қадам бўлди.

“Ишқ соҳиллари”

  • Асл номи: Фатиҳ Ҳарбие
  • Йиллар: 2013-2014
  • Жанр: драма, мелодрама
  • Актёрлар: Қодир Доғулу, Неслиҳан Атагул, Юнус Эмре Йилдиример

“Ишқ соҳиллари” – афсуски, икки хил дунёга мансуб бўлган Неримон ва Мажиднинг драматик севги қиссасидир. Қиз болалиги ва ёшлигини камбағаллар маҳалласида ўтказган, уни севиб қолган йигит эса бадавлат оиланинг фарзанди эди.

Мажиднинг оиласи камбағал рассом қиз Неримон унга муносиб эмаслигига ишонади, бироқ йигит бунинг аксини исботлаш учун ҳамма нарсага тайёр.

Ушбу драмадаги илк бош ролни Неслиҳан Атагул ижро этган. У шу ерда бўлажак турмуш ўртоғи – актёр Қодир Доғулу билан танишган. Актёрнинг сўзларига кўра, ёш юлдуз уни ўз истеъдоди ва ўзига хос жозиба бахш этиб турган беғуборлиги билан мафтун қилган.

“Севги изтироби”

  • Асл номи: Кара Севда
  • Йиллар: 2015-2017
  • Жанр: мелодрама, драма
  • Актёрлар: Бурак Ўзчивит, Неслихан Атагул, Каан Урганжиоглу

Бош қаҳрамон Ниҳан бадавлат, лекин ҳозирда хонавайрон бўлган оилада туғилиб ўсган, унинг суюклиси Камол эса оддий сартарошнинг ўғли.

Қизга уйланиш ғоясига берилиб қолган Амир аралашмаганида, бу ҳам уларнинг бирга бўлишига тўсқинлик қилмасди. У мақсадига эришиш учун ҳамма нарсага, жумладан, шантажга ҳам тайёр. Амирнинг қилмиши сабабли Ниҳан бу мажбурий никоҳга рози бўлади, акс ҳолда укасини қутқара олмайди. Камол юраги парчаланган ҳолда шаҳарни тарк этади, бироқ йиллар ўтиб қайтиб келади ва ҳис-туйғулари ҳеч қаёққа йўқолмаганини тушуниб етади.

Неслиҳан Атагул ушбу лойиҳада Ниҳан ролини ижро этган ва бу рол унинг фаолиятида ҳақиқий ютуқ бўлди. Дизи мухлислари актрисани айнан халқаро “Эмми” мукофотини қўлга киритган ушбу сериалдан сўнг севиб қолишган.

“Сендан қолган ягона нарса”

  • Асл номи: Сенден Бана Калан
  • Йил: 2015
  • Жанр: драма, мелодрама
  • Актёрлар: Неслихан Атагул, Экин Коч

Фильм воқеалари ретроспективадан бошланади. Биз фожиали вазиятларда ота-онасидан айрилган Ўзгур исмли кичик болакайни кўрамиз. Шундан сўнг у меҳрибонлик уйига тушиб қолади ва у ерда ўзининг илк муҳаббати — Элиф исмли қизалоқни учратади.

Болани олиб кетиш учун бадавлат бобоси келгач, тақдир уларни бир-биридан айиради ва йўллари ажралади. Орадан ўн йил ўтиб, васий ўз меросхўрига шарт қўяди: бобосининг бойлигига эга бўлиши учун Ўзгур ўзи туғилган қишлоқдаги юқори синфларда ўқишини тамомлаши керак.

У ерда эркатой Ўзгурни Элиф билан учрашув кутади ва у болаликдаги меҳр-муҳаббат янги куч билан алангаланаётганини ҳис қилади. Аммо самимий ва меҳрибон қизга бўлган муҳаббат бош қаҳрамонни ўзгартириб, уни яхши инсонга айлантира оладими?

Неслиҳан Атагул ўша, 10 йиллик айрилиқдан сўнг Ўзгур (Экин Коч) қайтадан севиб қолган Элиф ролини ижро этган. Танқидчилар ва томошабинлар актрисанинг кадрда кўрсатган маҳоратини юқори баҳолаб, унинг ўз қаҳрамони кечинмаларини жонли ва табиий тарзда етказиб бера олганини таъкидлашган.

“Элчининг қизи”

  • Асл номи: Сефирин Кизи
  • Йил: 2019-2021
  • Жанр: жангари фильм, драма, мелодрама, жиноят
  • Актёрлар: Энгин Акюрек, Неслихан Атагул

Бош қаҳрамон Наренинг отаси унинг оиласига мавқейи жиҳатидан тўғри келмайдиган Санжар билан муносабатларига ҳамиша қарши бўлган. Бироқ қиз ўз туйғуларидан воз кеча олмай, севган йигити билан яширинча турмуш қуришга рози бўлади.

Биринчи никоҳ кечаси аксини исботламагунча, гўё ҳаммаси яхши кетаётгандек эди. Рашк ва ишончсизликка берилган Санжар Нарè билан жанжаллашиб, уни ҳайдаб юборади, чунки ундан олдин бошқа бир эркак билан бўлганини англаб етади. Қаҳрамон қизнинг зўравонлик қурбони бўлгани ҳақидаги сўзларига ишонмайди ва гўзал севги қиссаси кўз ўнгида чилпарчин бўлади.

Нарè ўз жонига қасд қилишга қарор қилади, аммо омон қолади ва орадан тўққиз йил ўтиб, қўлида қизи билан Санжарнинг ҳаётида қайта пайдо бўлади. Аммо муаммо шундаки, Санжар онасининг хоҳиши билан бошқа аёлга уйланиши керак эди.

Неслиҳан Атагул ўша бахтсиз ва суюкли инсони томонидан хиёнатга учраган Нарè ролини ижро этган. Бу рол унинг фаолиятида муҳим поғона бўлди, бироқ актрисанинг соғлиғига жиддий путур етказди, шу сабабли у лойиҳани муддатидан олдин тарк этишга қарор қилди.

“Тун охирида”

  • Асл номи: Геcенин Уcунда
  • Йиллари: 2022-2023
  • Жанри: драма, мелодрама
  • Ролларда: Неслиҳан Атагул, Кадир Доғулу

Бош қаҳрамон Мажиде Анқарада яшаб, банкда ишлайди ва у ерда ўзини кундан кунга бахтсиз ҳис қилиб боради. Муаммо шундаки, қизга табиблик қобилияти мерос бўлиб ўтган, бироқ у буни рўёбга чиқара олмайди. Кунлардан бир кун фолбин аёл қаҳрамоннинг ҳаёти тез орада ўзгаришини, ўзи эса муҳаббатини учратишини башорат қилади.

Шу сўзлардан сўнг Мажиде Истанбулга кўчиб ўтади ва у ерда йирик фармацевтика компанияси раҳбари Аҳмет Ишик билан танишади. Аҳмет дарҳол қизни севиб қолади ва унга турмуш қуришни таклиф қилади, қиз эса рози бўлади.

Бироқ Ишикларнинг нуфузли оиласидаги ҳаёт қаҳрамонга янги кутилмаган воқеалар ва турмуш ўртоғининг акаси — Козим билан учрашувни ҳозирлаб қўяди. Козим уйланган, аммо никоҳида бахтсиз, чунки фарзандидан айрилгач, хотини ичкиликка берилиб кетган. Мажиде ва Козим ўртасида тақиқланган севги аланга олгач эса ҳамма нарса янада чигаллашади.

Неслиҳан Атагул Мажиде ролини ижро этган ва турмуш ўртоғи Кадир Доғулу билан иккинчи марта бир фильмда суратга тушган. Афсуски, лойиҳа томошабинлар томонидан юқори баҳоланмади, шу сабабли муддатидан олдин тўхтатилди.

“Оҳ, Белинда”

  • Асл номи: Аааҳҳ Белинда
  • Йил: 2023
  • Жанр: драма, комедия
  • Актёрлар: Неслиҳан Атагул, Серкан Чаёглу

Кунларнинг бирида экран юлдузи “Белинда” шампуни рекламасида бош қаҳрамон ролини ўйнашга рози бўлади.

Сценарийга кўра, Дилара икки фарзанди ва эри бор, ҳаётдан эзилган Хандон исмли уй бекасини гавдалантириши керак эди. Реклама шиорини айтиши биланоқ у ҳушидан кетади. Ўзига келгач эса, кадрда ўйнаган сценарийси унинг янги ҳаётига айланганини англаб етади. Энди омон қолиш учун у ўзини ва атрофида нималар содир бўлаётганини тушуниши лозим. Бироқ буни уддалаш осон бўлмайди, чунки атрофдагиларнинг бари уни шунчаки руҳий хаста деб гумон қила бошлайди.

Ҳашаматли ҳаётга ўрганиб, кутилмаганда ўзи учун бегона дунёга тушиб қолган ва янги воқеликка кўникишга мажбур бўлган ўша Диларани Неслиҳан Атагул гавдалантирган

Toshkent viloyati Yangiyo‘l tumanida tug‘ilganman. Hozirda Alisher Navoiy nomidagi davlat Adabiyot muzeyida tayanch doktorantura (PhD)da o‘qiyman. “Daryo”da 2018-yildan beri musahhih va muxbir lavozimida ishlayman. Sevib o‘qiydigan kitoblarim juda ham ko‘p: Nodar Dumbadze “Abadiyat qonuni”, Harper Li “Mazaxchining o‘ldirilishi”, Gabriel Garsia Markes “Yolg‘izlikning yuz yili”, Chingiz Aytmatov “Kassandra tamg‘asi”, Mixail Bulgakov “Usta va Margarita”, O‘tkir Hoshimov “Ikki eshik orasi”, Ulug‘bek Hamdam “Sabo va Samandar”... Sevimli filmlarim ham turli janrda: DiKaprio ishtirokidagi “Ibtido” va “La’natlanganlar oroli”, “Shoushenkdan qochish”, “Yo‘-yo‘l pijamali bolakay”, “Ameli”, “Qotillikni xotirlab”. Bundan tashqari, Hayao Miyazakining animelari jon-u dilim.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар

Instagram: “Калмар ўйини” сериали юлдузи Тошкентга келди, Амитабҳ Баччан Бобур Мансуровга “салом йўллади”, Марям Узерли мухлисларига сюрприз уюштирди

Instagram: “Калмар ўйини” сериали юлдузи Тошкентга келди, Амитабҳ Баччан Бобур Мансуровга “салом йўллади”, Марям Узерли мухлисларига сюрприз уюштирди

Бугун, 13:10

Xiaomi белни уқалайдиган ва иситиб қўядиган ёстиқни ишлаб чиқарди

Xiaomi белни уқалайдиган ва иситиб қўядиган ёстиқни ишлаб чиқарди

Бугун, 12:51

Анжелина Жоли Лос Анжелесдаги уйини 25 млн долларга сотди (фото)

Анжелина Жоли Лос Анжелесдаги уйини 25 млн долларга сотди (фото)

Бугун, 09:49

Феруза Норматова 37 ёшда: Туркияда оғир касалликни бошдан кечирган ва ўзидан 13 ёш кичик йигитга турмушга чиққан акриса ҳақида

Феруза Норматова 37 ёшда: Туркияда оғир касалликни бошдан кечирган ва ўзидан 13 ёш кичик йигитга турмушга чиққан акриса ҳақида

Кеча, 15:45

Актриса Раъно Шодиева оғир жудоликка учради

Актриса Раъно Шодиева оғир жудоликка учради

Кеча, 14:39

“Ҳақиқий масхарабозлар костюм-шим, галстукда ўтиради”. Даврон Кабулов “Сетора”нинг тарқалиб кетиши ва Шукурулло Исроиловни танқид қилганлар ҳақида

“Ҳақиқий масхарабозлар костюм-шим, галстукда ўтиради”. Даврон Кабулов “Сетора”нинг тарқалиб кетиши ва Шукурулло Исроиловни танқид қилганлар ҳақида

Кеча, 13:57

Instagram: Мурод Назаров ўғлининг дабдабали тўйи, қизини узатган Отабек Муҳаммадзоҳид,оғир жудоликка учраган Шаҳло Зоирова

Instagram: Мурод Назаров ўғлининг дабдабали тўйи, қизини узатган Отабек Муҳаммадзоҳид,оғир жудоликка учраган Шаҳло Зоирова

Кеча, 11:15

Қозоғистонлик Золушка: идиш ювувчи қиз қандай қилиб Dior юзига айланди?

Қозоғистонлик Золушка: идиш ювувчи қиз қандай қилиб Dior юзига айланди?

27-Сентабр, 09:46