Daryo

Фарзандингиз яхши ўқимаяптими? Бунга фақат смартфон сабабчи эмас

Тадқиқот муаллифи Жейсон Смуснининг айтишича, олимлар уйқу муҳим омил бўлишини билган, бироқ унинг экран вақти, жисмоний фаоллик ва овқатланишдан бунчалик устун туришини кутмаган.

2 дақиқа ўқиш3 320 кўришлар0 изоҳ0

Ўсмирнинг мактабдаги натижалари ва тенгдошлари билан муносабатларига нафақат телефон, спорт ёки овқатланиш, балки уйқу сифати ҳам жиддий таъсир кўрсатиши мумкин. Янги тадқиқотда уйқу бошқа турмуш тарзи омилларига қараганда кучлироқ омил бўлиб чиққан.

Калифорния университети, Дэвис тадқиқотчилари 10–13 ёшдаги болалар маълумотларини ўрганиб, уларнинг уйқу сифати, экран қаршисида ўтказадиган вақти, жисмоний фаоллиги ва овқатланиш сифатини таққослаган.

Натижалар шуни кўрсатдики, яхши уйқу мактабдаги юқори натижалар ва ижтимоий муаммоларнинг камроқ кузатилиши билан бошқа омилларга қараганда кўпроқ аҳамиятга эга. Экран қаршисида ўтказилган вақт иккинчи ўринда турган, жисмоний фаоллик ва овқатланишнинг боғлиқлиги эса нисбатан паст бўлган.

Тадқиқотчилар уйқунинг руҳий саломатлик билан боғлиқлигини ҳам ўрганган. Масалан, уйқу депрессия белгилари билан пастроқ ўқиш натижалари ўртасидаги боғлиқликнинг 18,5 фоизи, хавотир билан боғлиқ ҳолатларда 36,3 фоизи ва психозга ўхшаш белгилар кузатилган вазиятларда 8,3 фоизи билан боғлиқ бўлган.

Экран вақтининг ҳиссаси эса хавотирда 5 фоиз, депрессияда 6,3 фоиз ва психозга ўхшаш белгиларда 6,2 фоизни ташкил этган.

Бироқ олимлар бу рақамларни “кўпроқ ухлаш руҳий муаммоларни даволайди” деб тушунмаслик кераклигини таъкидлайди. Тадқиқот сабаб-оқибатни эмас, уйқу, руҳий ҳолат ва кундалик фаолият ўртасидаги боғлиқликни кўрсатади.

Нега уйқу шунчалик муҳим?

Уйқу вақтида мия дам олиш билан чекланмайди. Бу пайтда хотира мустаҳкамланади, ўрганилган маълумотлар қайта ишланади, ҳиссий ҳолат тартибга тушади ва организм тикланади.

Шу сабабли етарлича ухламаган бола эртаси куни нафақат уйқусираб юриши, балки диққатини жамлаш, янги маълумотни ўзлаштириш, ҳис-туйғуларини бошқариш ва тенгдошлари билан мулоқот қилишда ҳам қийналиши мумкин.

Бу айниқса ўсмирлик даврида муҳим. Чунки айнан шу даврда мия ва шахсият фаол ривожланишда давом этади.

Тадқиқот муаллифи Жейсон Смуснининг айтишича, олимлар уйқу муҳим омил бўлишини билган, бироқ унинг экран вақти, жисмоний фаоллик ва овқатланишдан бунчалик устун туришини кутмаган.

Тадқиқотчилар ота-оналарга болаларнинг уйқу режимига ҳам экран вақти каби жиддий эътибор беришни тавсия қилади. Ухлаш ва уйғониш вақтини барқарор қилиш, кечаси телефондан фойдаланишни чеклаш ва етарли ухлаш учун шароит яратиш боланинг умумий ҳолатини қўллаб-қувватлаши мумкин.

Шундай экан, фарзандингиз яхши ўқиши учун унга ҳар доим ҳам қўшимча машғулот ёки яна бир соат дарс керак бўлавермайди. Баъзан унинг яхши ўқиши учун энг оддий ёрдам — вақтида ухлашига имкон беришдир.

Toshkent viloyati Yangiyo‘l tumanida tug‘ilganman. Hozirda Alisher Navoiy nomidagi davlat Adabiyot muzeyida tayanch doktorantura (PhD)da o‘qiyman. “Daryo”da 2018-yildan beri musahhih va muxbir lavozimida ishlayman. Sevib o‘qiydigan kitoblarim juda ham ko‘p: Nodar Dumbadze “Abadiyat qonuni”, Harper Li “Mazaxchining o‘ldirilishi”, Gabriel Garsia Markes “Yolg‘izlikning yuz yili”, Chingiz Aytmatov “Kassandra tamg‘asi”, Mixail Bulgakov “Usta va Margarita”, O‘tkir Hoshimov “Ikki eshik orasi”, Ulug‘bek Hamdam “Sabo va Samandar”... Sevimli filmlarim ham turli janrda: DiKaprio ishtirokidagi “Ibtido” va “La’natlanganlar oroli”, “Shoushenkdan qochish”, “Yo‘-yo‘l pijamali bolakay”, “Ameli”, “Qotillikni xotirlab”. Bundan tashqari, Hayao Miyazakining animelari jon-u dilim.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар