Daryo

“Ўргимчак одам” фильмидаги кўпчилик пайқамаган хатолар

Фильмда айрим буюмлар ҳам ўз-ўзидан пайдо бўлади. Масалан, Питер автобус ортидан югураётган саҳнада Мери Жейннинг илтимоси билан ҳайдовчи тўхтайди ва уни автобусга чиқаради. Ўша пайтда автобус олдидаги йўл мутлақо бўш бўлади.

4 дақиқа ўқиш10 199 кўришлар0 изоҳ0

Суперқаҳрамонлар ҳақидаги фильмларни ҳам хато қилиши мумкин бўлган оддий инсонлар суратга олади. “Ўргимчак одам” фильмида ижодкорлар қайси жойларда хатога йўл қўйганини кўриб чиқамиз.

2002-йилда Marvel оламидаги Мултикоинот ҳақида ҳали ҳеч ким билмаган пайтда режиссёр Сем Рейми машҳур комикс қаҳрамони ҳақида “Ўргимчак одам” фильмини суратга олди. Унда бош ролларни Тоби Магуайр ва Кирстен Данст ижро этди.

Фильм прокатга чиққанидан дастлабки кунларданоқ томошабинлар рекордини янгилади. Йил якунига кўра эса “Ўргимчак одам” энг кўп даромад келтирган фильмга айланди.

Фильмнинг муваффақияти яна икки қисм суратга олинишига сабаб бўлди. Орадан йиллар ўтиб, Тоби Магуайр Marvel киносериалига ҳам қайтди. Бундан ташқари, фильм кўплаб интернет мемларига сабаб бўлди. Бироқ машҳур картинада эътибордан четда қолган бир қанча қизиқарли кинохатолар ҳам бор. 

Бор эди-ю, ғойиб бўлди

Питер Паркер ўзининг суперқобилиятларини кашф этганидан сўнг мактаб ошхонасида Мери Жейнни тўкилган шарбат устида сирпаниб кетишдан сақлаб қолади.

Фото: Фильмдан кадр

Орадан бир дақиқа ўтиб, Питер патнис билан боғлиқ воқеадан кейин ошхонадан шошилиб чиқиб кетади. Аммо шу пайт полга тўкилган шарбат аллақачон ғойиб бўлган бўлади.

Фото: Фильмдан кадр

Фильмда айрим буюмлар ҳам гўё ўз-ўзидан пайдо бўлади. Масалан, Питер автобус ортидан югураётган саҳнада Мери Жейннинг илтимоси билан ҳайдовчи тўхтайди ва уни автобусга чиқаради. Ўша пайтда автобус олдидаги йўл мутлақо бўш бўлади. 

Фото: Фильмдан кадр

Аммо Питер салонга кирганида, автобус олдида бирдан юк машинаси пайдо бўлади.

Фото: Фильмдан кадр

Яна бир шунга ўхшаш хатони Питер хонасида ўргимчак тўридан фойдаланишни машқ қилаётган саҳнада кўриш мумкин. У аввал газли ичимлик солинган банкани, кейин эса стол чироғини ўзига тортади. Чироқ деворга урилиб, синади.

Фото: Фильмдан кадр

Аммо шовқинни эшитиб хонага кирган Мей хола чироқнинг жойида бус-бутун турганини кўради.

Фото: Фильмдан кадр

Вақт билан боғлиқ номувофиқликлар

Питер ва Мери Жейн ишлайдиган кафеда суҳбатлашаётган саҳнада ҳам вақт билан боғлиқ номувофиқлик бор. Камера Питерга қаратилганда, унинг ортидаги соялар қуёш юзига қараб тургандек кўринади. 

Фото: Фильмдан кадр

Аммо кадр Кирстен Данстга ўтганда, соялар бошқа томонга тушади. Гўё суҳбат давомида қуёш туш пайтидан ўтиб, кечга яқинлашиб қолгандек. Кадр алмашгани сайин соялар ҳам ўзгариб туради.

Фото: Фильмдан кадр

Бироқ бундан ҳам қизиқроқ вақт хатоси Питер ва Мери Жейн касалхонада Мей хола билан суҳбатлашаётган саҳнада кузатилади. Дераза ортида илиқ баҳор куни акс этиб туради. Аслида эса бу суҳбат Шукроналик кунининг эртасига бўлиб ўтади. Шукроналик куни эса ноябрь охирида нишонланади. Бу пайтда Нью Йоркда ҳаво анча совуқ, дарахтлардаги барглар эса деярли тўкилиб бўлган бўлади. 

Фото: Фильмдан кадр

Журналистикадаги “инқироз”

Питер Паркер фотограф бўлиб ишга кирган Daily Бугле таҳририятида ҳам қизиқ хатолар бор. Бош муҳаррир Жей Жонаҳ Жеймсон ходимлар газетанинг олтинчи саҳифасини тайёрлай олмаётганидан жаҳли чиқади.

Фото: Фильмдан кадр

Питер Ўргимчак одамнинг бир нечта суратини олиб келгач, Жеймсон уларни бирма-бир кўриб чиқади. Суратлар орасида Ўргимчак одам юқоридан пастга қараб олинган кадр ҳам бор.

Фото: Фильмдан кадр

Аммо сурат столга қўйилиши билан ундаги тасвир бирдан ўзгаради: энди Ўргимчак одам пастдан юқорига қараб, мовий осмон фонида тасвирланган.

Фото: Фильмдан кадр

Ўргимчак одам ҳақидаги биринчи мақолада ҳам қизиқ хатони кўриш мумкин. Экранда катта қилиб кўрсатилган мақоланинг биринчи ва иккинчи устунларидаги матн деярли ҳарфма-ҳарф бир хил.

Нью Йорк — клонлар шаҳри

2002-йилда Нью Йоркда шаҳар атрофларини ҳисобга олмаганда қарийб 8 миллион киши яшаган. Аммо фильмга қараганда, айрим ню ёркликлар бир вақтнинг ўзида бир неча жойда пайдо бўлиш қобилиятига эга.

Масалан, Гоблиннинг “Бирлик куни” фестивалига ҳужуми вақтида Питер балконнинг юқоридан қулаётган бўлаклари остидан кулранг палто кийган эркак ва қора кийимли аёлнинг қочиб кетаётганини кўради.

Фото: Фильмдан кадр

Питер уларга ёрдам беришга қарор қилади ва ўргимчак тўри ёрдамида хавфсиз жойга худди шундай кийинган бошқа жуфтликни олиб чиқади. Бу жуфтлик эса аввал ҳеч нарсадан хавотирланмай, воқеани томоша қилиб турган эди.

Фото: Фильмдан кадр

Яна бир “клонлар босқини”ни Питер Норман Осборн билан танишаётган саҳнада кўриш мумкин. Айнан шу саҳна Уиллем Дефо иштирокидаги машҳур мемга ҳам сабаб бўлган.

Қаҳрамонлар суҳбатлашаётган пайтда уларнинг ортидан қуёш кўзойнаги таққан, қора рюкзакли қиз уч марта ўтиб кетади.

Фото: Фильмдан кадр

Қиз ҳар сафар бошқа томонга қараб ҳаракатланади.

Фото: Фильмдан кадр
Фото: Фильмдан кадр

Аммо “клонлар” бўйича рекорд Питер ва Мери Жейн кафеда суҳбатлашаётган саҳнага тегишли. Қаҳрамонлар гаплашаётган пайтда Паркер ортидаги бурчакдан кепка кийган тўла эркак чиқиб келади.

Фото: Фильмдан кадр

Кадр алмашгач, кўчада худди шундай яна бир эркак пайдо бўлади.

Фото: Фильмдан кадр

Кейин учинчиси, тўртинчиси ва бешинчиси ҳам кўринади.

Фото: Фильмдан кадр

Шундай қилиб, бир неча дақиқалик суҳбат давомида бурчак ортидан бир хил кўринишдаги беш эркак чиқиб келади. 

Фото: Фильмдан кадр
Фото: Фильмдан кадр

Toshkentdanman. Alisher Navoiy nomidagi O‘zbek tili va adabiyoti universitetining O‘zbek tili fakultetini tamomlaganman. “Daryo”da 2024-yildan beri Layfstayl bo‘limida muxbir lavozimida ishlayman va maqolalar hamda videomateriallar tayyorlayman. Har yili ispan kinoijodkorlari tomonidan suratga olingan “Невидимый гость” (“Ko‘rinmas mehmon”) filmni kamida ikki marta qayta tomosha qilaman. Imom al-Buxoriy haqidagi “Sohilsiz dengiz” kitobi yoqadi.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар